ЖАМИЯТ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ДАВЛАТ НАЗОРАТИДА: ЭЪТИРОЗГА ЎРИН ҚОЛМАСИН


27.05.2019   1707

Избоскан тумани адлия бўлими томонидан тумандаги 33 та фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид 2017-2018 йилларда амалга оширилган ишлари ўрганиб чиқилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя этилиши ўрганилганида 4 588 та қонун бузилишлар аниқланди.

Низомга мувофиқ, ариза берувчининг эҳтиёжмандлиги даражасини аниқлаш ва болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш (рад этиш) тўғрисида хулоса чиқариш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида махсус комиссия ташкил этилиши кўрсатилган. Унинг таркиби фуқаролар йиғини раиси томонидан 12 ой муддатга, камида 5 кишидан иборат этиб тасдиқланиши лозим. Шунга қарамасдан 5 та маҳаллада комиссиялар ташкил этилмага, 9 тасида тегишли қарорлар билан тасдиқланмаган. Нафақаларни тайинлаш тартибига риоя этилмаганлиги оқибатида 16 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари ортиқча тўланган.

Махсус комиссия ариза берилган санадан бошлаб ўн кун муддатда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади. Тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги хулосани фуқаролар йиғинига ёки Комиссияга киритилади. Ўрганилган даврда 1 844 та мурожаатларини кўриб чиқишда ушбу қоидага амал қилинмаган. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ўрганиш якуни бўйича 58 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар қўлланилди ва 2 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Улуғбек Ёқубов,

Избоскан тумани адлия

бўлими бошлиғи.