ЖАМИЯТ

ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА НАВБАТДАГИ ДАДИЛ ҚАДАМ


07.08.2020   2678

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кеча ёки бугун бошланган жараён эмас. Ўтган давр мобайнида орттирилган тажрибалар, фаолият таҳлилидан келиб чиқиб тизимни такомиллаштиришга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Негаки судлар мустақиллиги таъминланган, ҳар қандай вазиятда ижтимоий адолат қарор топадиган юртдагина тараққиёт юксалади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 июль кунги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини мана шу йўлдаги навбатдаги дадил қадам деб баралла айтиш мумкин.

Мазкур ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад битта: фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, энг муҳими, турли оворагарчиликлару сансалорликларга чек қўйиш! Президентимиз ибораси билан айтганда, “суд остонасига бош уриб борган инсон давлатга дўст бўлиб чиқиб кетиши керак”.

Айни эзгу мақсадга хизмат қилувчи ўзгаришлар мазмун-моҳияти фармондаги қайси жиҳатларда кўзга ташланади?

Аввало, ишларни судда кўриш сифатини ошириш, холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Жумладан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Мазкур тартиб нимани ўзгартиради? Аввало, бошқарув, суд ишини ташкил этиш жараёнлари такомиллашади. Яъни уч йўналишдаги судлар ўрнида вилоят судлари ташкил этилиб, унинг раиси ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилади. Судлардаги ишларни апелляция инстанциясида кўришдаги мавжуд оворагарчиликларга барҳам берилади. Хусусан, ишларни бир суддан бошқасига ўтказишга чек қўйилади. Низолар айни ҳудуднинг ўзида ечимини топади. Асосийси, ишларни кўришда учраб турувчи хато-камчиликларни вақтида тўғрилаш имкониятини беради.

Бундан ташқари, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда. Шунингдек, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи амалиётга татбиқ этилади.

Яна бир муҳим жиҳат. Зикр этилаётган даврдан бошлаб туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш; апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тизими амалда бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш; давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш; прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш; қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш сингари тартиблар жорий этилмоқда.

Барчамизга маълум, бугунги замонавий дунёда инвестиция масаласи давлатлар тараққиётининг асосий ўзагини ташкил этмоқда. Хорижлик сармоядор кўпроқ қандай мамлакатларга интилади? Шубҳасиз, судлар мустақиллиги таъминланган, низолар юзага келганда судда ойлаб эмас, балки ортиқча оворагарчиликларсиз, тезкор ва одилона ҳал этиладиган давлатларга қизиқиш билдирадилар. Чунки ишбилармон учун вақт – пул дегани. Шу маънода фармонда судьяларнинг мақоми ҳамда уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, жумладан, ижтимоий ҳимоя масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қолаверса, эндиликда Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилмоқда. Демакки, муаммо юзага келса, турли инстанцияларда эмас, битта суд доирасида ҳал қилиниши таъминланади.

Бугун очиқ-ошкора, демократик жамият қуриш сари интилаётган эканмиз, бунда ҳар бир давлат идорасининг фаолияти шаффофлик асосида йўлга қўйилиши бирламчи мезон ҳисобланади. Айни жиҳатни рўёбга чиқаришда эса, шубҳасиз, матбуот хизматларининг ўрни беқиёс.Шундан келиб чиқиб, эндиликда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида ҳам матбуот хизматлари йўлга қўйилади.

Суд ҳимоясини таъминлашда учраб турувчи бюрократик тўсиқларга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларига барҳам берувчи бу каби ўзгаришлар соҳани янги босқичга кўтариш баробарида халқнинг тизимга бўлган ишончини қарор топтиришга хизмат қилиши шубҳсиз.

Жасуриддин АБДУСАТТАРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти суди раиси