Андижон 24

Ижро ва ислоҳот: ДХAДА НИМА ГАП?


01.03.2019   3483

Сайтимиз ўқувчиларининг таклифларидан келиб чиқиб, “Ижро ва ислоҳот” лойиҳаси доирасида туркум суҳбатлар уюштириш режалаштирдик. Лойиҳанинг асосий мақсади Президентимиз томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар ижроси, амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимлардаги янгиликлар билан ҳамюртларимизни яқиндан таништиришдан иборат.

Лойиҳамизнинг биринчи меҳмони Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Раҳмонов.

- Барчамизга маълумки, сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот "Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак" шиори остида фаолият олиб боради. Келинг, шундан келиб чиқиб, суҳбатимизни ўтган йил сарҳисобидан бошласак.

- Маълумки, 2017 йилнинг 12 декабрида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари давлат хизматлар марказига айлантирилган.

Фармон ижроси доирасида давлат хизматларини кўрсатишда бир қанча ўзгаришлар бўлди. Хусусан, фақат тадбиркорлик субъектларига 38 турдаги давлат хизматлари кўрсатган “ягона дарча” марказлари 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки, жисмоний шахсларга ҳам давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди ва йил охирига қадар хизматлар сони 103 тага етказилди.

Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 367 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Марказларга мурожаат қилаётган мижозлар сони ортаётгани эса бизни янада масъулиятлироқ бўлишга ундамоқда.

- Мижозлар иш тез ва сифатли битишини исташади. Бунда ходимларнинг хизмат кўрсатиш малакаси муҳим аҳамият касб этади. Айтингчи, марказлар ходимларининг иш олиб бориши қай даражада назоратга олинган?

- Фаолиятимизни бошиданоқ барча Давлат хизматлари марказларини малакали кадрлар билан таъминлашга жуда катта эътибор қаратдик ва бунга эришдик ҳам.

Ходимларнинг фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида қонунийликни таъминлаш, коррупцияга ва бюрократик тўсиқларга йўл қўймасликлари, хизмат кўрсатиш сифати ва муддати ҳамда регламент талабларига амал қилиши, одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш мақсадида “Сирли мижоз” ва “Рейд” тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.

Ўрганишлар ва аттестация натижасида 15 нафар ходим эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилди ҳамда улар билан шартномалар бекор қилинди.

Ўз ишига масъулият билан ёндошган энг фаол ходимлар доимий равишда рағбатлантириб борилмоқда.

-Давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар томонидан тасдиқланган регламентлар ва қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар, тартибларга риоя қилинишини назорат қилиш Давлат хизматлари агентлигига юклатилган. Бу борада қандай ишлар амалга оширилди?

- Ўтган йил давомида фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишда нафақат давлат хизматлари агентлиги, балки ваколатли органлар томонидан хам бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди. Бироқ, қилинган ижобий ишлар билан бирга, айрим ҳолларда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари ҳам кузатилди.

Масалан бошқарма томонидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар натижасида ўтган йил давомида ваколатли органлар фаолиятида жами 5247 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Шунга кўра, 150 га яқин ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди, масъул ходимларнинг 36 нафари интизомий ва 87 нафари эса маъмурий жавобгарликга тортилди.

Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп қонун бузилиш ҳолатлари бандлик ва меҳнат муносабатлари, ер ресурслари ва давлат кадастри идоралари, солиқ инспекциялари, қурилиш бўлимлари, таълим муассасалари, ҳокимликларга тўғри келган.

- Маълумки, жорий йилнинг 15 февраль куни Президентимиз томонидан “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарорнинг моҳияти, яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтсангиз?

– Айни пайтда шаҳар ва туман давлат хизматлари марказлари томонидан юзга яқин хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Белгиланган вазифаларга мувофиқ 2021 йилга қадар ушбу хизматлар турини 180 тага етказиш режалаштирилган.

Қарорга асосан, фуқароларга хизмат кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб аҳоли ва тадбиркорларнинг хизматдан фойдаланишлари учун экстерриториаллик тамойили йўлга қўйилади.

Бу эса, келгусида фуқаролар ўз турар жойи ёки жойлашган манзилидан қатъий назар, шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда, исталган Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имкониятини яратиб беради.

- Айрим ваколатли органлар томонидан бериладиган турли маълумотномалар ва ҳужжатлар ҳанузгача қоғоз кўринишида сақланиб қолмоқда. Натижада бирорта ҳужжатни олиш учун фуқаро ҳар бир давлат органига боришга, керак бўлса, ойлаб кутишга мажбур. Айтингчи, шу соҳада ҳам қандайдир янгиликлар борми?

- Бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида зарур бўлган маълумотномаларнинг электрон базаларини шакллантириш, уни “Электрон ҳукумат” тизимига интеграция қилиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди.

Унга мувофиқ, 20 дан ортиқ давлат органлари тегишли қоғоз кўринишидаги маълумотнома ва ҳужжатларни белгиланган муддатларда рақамлаштириши ва “Электрон ҳукумат” тизимига интеграция қилиши зарур. Шунда ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилади.

Яна бир янгилик: жорий йилнинг 1 августидан давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари томонидан фуқаролардан пенсия дафтарчаси, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномаларни талаб қилиниши тақиқланади.

Ушбу ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари “Халқ банки”, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси каби идоралардан ўзаро электрон ҳамкорлик орқали фақат идоралараро интеграцион платформага ахборот олиш учун уланиш йўли билан мустақил равишда сўрайди ва олади.

- Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳам ўзгаришлар юз бердими?

- Ҳа, албатта. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб, ер қаъри участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлиги ҳақида хулоса, экспорт контракт рўйхатдан ўтказилганлиги, мол сўйишни амалга ошириш ҳуқуқини, вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қиладиган тадбиркорлик субъектларининг савдо объектлари жойлашуви, ерларнинг барча тоифаларида геологик-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа турдаги қидирув ишларини олиб боришга рухсат берувчи рухсатномалар кабилар бекор қилинмоқда.

– Пуллик экспресс-хизматлар кўрсатиш ва “Call service” орқали давлат хизматлари кўрсатиш механизми бўйича ҳам қисқача маълумот бериб ўтсангиз?

– Пуллик экспресс хизмат кўрсатиш тизимининг жорий этилиши вақтини давлат хизматини олиш учун кетказмасдан, кундалик режалаштирган ишларини давом эттирмоқчи бўлган жисмоний ва юридик шахсларга айни муддао бўлди. Сабаби, эндиликда уларнинг буюртмасига асосан тайёр бўлган ҳужжатлар Давлат хизматлари марказларининг махсус куръерлари орқали бевосита жойига етказиб берилади.

Қарор билан уч ой муддатда “Call service” орқали давлат хизматлари кўрсатиш механизмини жорий этиш вазифаси юклатилган. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳоли учун долзарб бўлган айрим содда хизматларни телефон орқали кўрсатиш имкониятини яратишдан иборатдир. Айни пайтда ушбу хизматлар рўйхати шакллантирилмоқда. Яъни, мижоз эндиликда вақтини кетказмасдан, телефон орқали айрим хизматларни олишга буюртма бериши ва олиши мумкин бўлади.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ

«auz.uz» online гуруҳи.