Андижон 24

ИЖОДКОР ЛЕЙТЕНАНТ


27.06.2018   1329

Шерзодбек Нуриддинов болалигидан ижодга қизиқди. Мактабда ўқиб юрган кезларида бўш қолди дегунча китоб ўқир эди. Ижодга меҳри баланд бу йигит Булоқбоши туманидаги 17-умумтаълим мактабини муваффақиятли тамомлагач,Ўзбекистон миллий университетида таҳсил олди.

2014 йилда университетни тамомлаб, тўғри вилоят телерадиокомпаниясига келди. Бу ерда уни жамоа илиқ кутиб олди ва махсус мухбир вазифасида меҳнат фаолиятини бошлади. Кўплаб муаллифлик кўрсатувлари ҳамда ахборот лавҳалари тайёрлаб, мухлисларига эга бўлган Шерзодбек ички ишлар тизимидаги ислоҳотларни изчиллик билан ёритиб борди. Ўзаро ҳамкорлик давомида унга бошқармада ташкилий инспекторлик ва ахборот таҳлил бўлимининг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлинмаси инспектори вазифасида ишлаш таклиф этилди. Ўтган йилнинг октябридан ушбу лавозимда иш бошлаган Шерзодбек орадан бир ой ўтмасдан ички ишлар тизимида жорий этилган матбуот гуруҳи раҳбари-вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби вазифасига ўтказилди.

Тиниб-тинчимас ижодкор ва милиция лейтенанти Шерзодбек Нуриддинов вилоят ва республикадаги оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам алоқа боғлаб, тизимда олиб борилаётган ишларни кенг тарғиб этишда фаолликкўрсатиб келмоқда.

– Асосий вазифамиз жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқароларнинг билимини оширишдан иборат, – дейди у. – Шу мақсадда телевидение, радио ва газеталар, интернет сайтлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Айни дамда вилоят телерадиокомпаниясида ҳафтада икки кун "Тезкор хабарлар" кўрсатуви ташкил этилган. Унда содир бўлган ҳуқуқбузарликлар ва унинг оқибатлари, келиб чиқиш сабаблари ҳақида батафсил маълумотлар бериб борилмоқда. Бундан ташқари "Халқ билан юзма-юз" кўрсатуви орқали олиб борилаётган ишлар, фуқароларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечими мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. "Андижоннома" газетаси ва унинг auz.uz веб.сайти билан қилинаётган ишларнинг салмоғи катта бўлмоқда. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари оширилмоқда, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар атрофида айланадиган турли хил миш-мишларнинг олди олинмоқда.

Муроджон

ТЎХТАНАЗАРОВ.