Андижон 24

Ижодий силсила: «АНДИЖОННОМА»ДАН ТАРАЛАЁТГАН ЗИЁ 99 ЙИЛДИРКИ ЮРТДОШЛАРИМИЗ ҚАЛБ-ШУУРИНИ ЁРИТИБ КЕЛМОҚДА


30.05.2020   1306

Бугун вилоят ҳокимлигининг нашри бўлмиш “Андижоннома” газетаси чоп этила бошлаганига 99 йил тўлди.Унинг тарихи кўплаб шонли воқеаларга тўла. Бу йиллар мобайнида бир неча авлод журналистлари ижод денгизида тўлқин урдилар.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, 1921 йил 30 майда вилоятда ўзбек тилида нашр этиладиган дастлабки “Қизил қўшчи ва деҳқон” газетаси ташкил қилинган. Кейинчалик “Пахта фронти”, “Коммунист” номлари билан аталган нашр Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган 1991 йилнинг ноябридан эътиборан “Андижоннома” номи билан чоп этила бошланди. Газета ўзининг сайтига эга.

Ҳозир жамоада 16 нафар ижодий ва 17 нафар техник ходим фаолият кўрсатади. “Андижоннома” газетаси таҳририяти 2010 йилда журналистика соҳасида “Oltin qalam” Миллий мукофоти соҳиби бўлган(2-ўрин).

***

Газетамиз таҳририяти муҳаррирлари шажарасини биринчи андижонлик журналистлардан Вали Мақсудов бошлаб берган бўлса, сўнгра силсилани Мадамин Ваҳобов, Зиё Ҳусаинов, Усмон Абубакиров, Дадажон Соҳибий, Аҳмаджон Ёдгоров ва бошқалар давом эттиришди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларидан кейин Андижонда журналистларнинг навбатдаги авлоди етишиб чиқди. Улардан Ўлмас Алиев, Обоқул Эгамов, Муталлиб Усмонов, Муҳиддин Ҳошимовлар газетани тайёрлаш ва чоп этиш ишларига раҳбарлик қилдилар.Уларнинг муҳаррирлиги пайтида нафақат материаллар сифати ортди, шунингдек, ранг-баранглик касб этди. Таҳририятга ўнлаб фидойи, журналистлик заҳматини зиммасига олишдан чўчимайдиган ёшлар кириб келишди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Собиржон Шокаримов муҳаррирликка тайинланди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан“Андижоннома” (“Қизил қўшчи ва деҳқон”-“Пахта фронти”-“Коммунист”)нинг ҳақиқий тарихи тикланди. Ваҳоланки, шунгача газета ташкил этилганлиги ҳақидаги маълумотда “1931 йил” кўрсатилган эди. Собиржон ака изланишлар олиб бориб, “Қизил қўшчи ва деҳқон” ҳамда “Пахта фронти” газеталариўртасидаги узилишни улаш имконини топди. Ва, ниҳоят, 1970 йилнинг кузидан бошлаб, газетанинг биринчи бетида “1921 йил 30 майдан чиқа бошлаган,” деган сўзлар битилди.

***

Газетанинг тамал тошини қўйишда ўнлаб журналистлар ижод қилганини алоҳида таъкидлаш фахрлидир. Улар орасида Сулаймон Олимов, Ханифахон Иброҳимова, Козимжон Хўжаев, Карим Аҳмадий, Юсуфжон Ғиёсов, Обоқул Эгамов, Ҳамиджон Отабоевдек забардаст қалам соҳибларини тилга олиш мумкин.

Ижодий жамоа силсиласини Исмоилжон Зулунов, ака-ука Холдоржон ва Анорбой Қуронбоевлар, Муҳаммаджон Абдукаримов, Тўлқинжон Сатимов, Маҳфиратхон Тожихалилова, Муқимжон Ниёзов, Комилжон Нишонов, Тўхташ Ашуров, Раҳбархон Файзибоевалар давом эттиришди. Кейинчалик эстафета Абдумутал Абдуллаев, Маҳмуджон Ибоев, Иброҳимжон Сотволдиев, Қобилжон Асқаров, Тўлқинжон Сиддиқовлар қўлига ўтди.

Устозлардан сўздан дур териш санъатини пухта эгаллаган яна бир навқирон авлод 1980-йилларда таҳририятга кириб келди. Аҳмадулло Солиев, Мухторжон Худоёров, Ғолибжон Абдуллаев, Нажмиддин Икромий, Муҳаббат Отамирзаева, Сафарали Абдураҳимов, Восид Аҳмад, Ферузахон Мирзаолимова шулар жумласидандир. Айни пайтда “Андижоннома”нинг кенжа авлоди ҳисобланмиш Акбаржон Назаров, Гулжаҳон Жабборова, Нурулло Нўъмонов, Нилуфар Йўлдошева, Жаҳонгир Содиқжоновлар ҳам муштарийлар қалбидан жой олиб улгурди.

***

“Андижон шаҳри, Навоий шоҳкўчаси, 71-уй...”

Вилоят аҳолисининг кўп қисми, айниқса, газетхонлар ўтган асрнинг 75-йилидан бошлаб бу манзилни яхши билишади. Негаки, шу ерда “Андижоннома” газетаси таҳририяти жойлашган. Айнан шу йили газета таҳририятининг янги биноси фойдаланишга топширилган эди. Уни қуриш ишларига жонажон Ўзбекистонимизнинг ўша пайтдаги раҳбари, атоқли ёзувчи Шароф Рашидов бош бўлганини кўпчилик билмаса керак.

Унгача таҳририят босмахонанинг собиқ биносидаги бир неча хоналарда жойлашган бўлиб, бутун вилоятга маърифий хизмат кўрсатаётган ижодий жамоа қисилишиб ўтиришарди.Республика раҳбарининг ижод аҳлига эътибори қисқа муддатда уч қаватли муҳташам иморатнинг қуриб битказилишига сабаб бўлди. Журналистлар янги бинога кўчиб кириб, жойлашиб олишгач, Шароф ака йўқлаб келганини устозлар илиқ таассуротлар билан эслашади.

Мана, қирқ беш йилдирки, “Андижоннома” газетаси ижодий жамоаси шу манзилдан андижонликлар қалб-шуурига маърифат, зиё ва маънавият таратишдек савобли юмушни амалга ошириб келмоқда.

***

Мана, газетамизнинг 19 минг 752- сони хонадонингиз ёки иш жойингизга етиб борди. Уни қўлга олишингизнинг ўзиёқ Сизнинг нафақатнашримизга, шунингдек, журналистлар меҳнатига бефарқ эмаслигингизни билдиради. Ранг-баранг янгиликлар, воқеликлар, бадиий ижод намуналари, тарихий ҳақиқатлар ва бугунги кун мулоҳазалари маълум муддат ҳамкасбларимизнинг мушоҳада тарозусида тортилиб, фикрат булоғида чайилиб, зако қайроғида қайралиб, сўнггина Сизгаҳавола этилади. Мутолаа қилиш орқали уларга баҳо берасиз, муносабат билдирасиз. Бу эса биз ижод аҳлини яна изланишга, ўз устимизда ишлашга ундайди. Тўқсон тўққиз йилдирки, айни жараён давом этиб келмоқда. Ўйлаймизки, яна узоқ йиллар шундай кечади. Биз бунга ишонамиз.

Нажмиддин ЭРГАШЕВ.