Андижон 24

ИЗБОСКАНЛИК МАРДУ МАЙДОНЛАР


08.05.2020   1267

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган шонли ғалабада избосканлик мард ўғлонларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Уларнинг жангларда, урушдан кейинги тикланиш даврида кўрсатган жасоратлари тарих саҳифаларида бир умр муҳрланиб қолган. Избоскан туманлараро давлат архивида авайлаб сақланаётган ҳужжатларда бу ҳақда батафсил танишиш мумкин.

Маҳкамбой Бозорбоев 1920 йилда Пойтуғ шаҳрида туғилган. Уруш арафасида у 3-сонли мактабда ўқитувчи сифатида меҳнат қилаётганди. 1941 йилнинг апрелида у ҳарбий хизматни ўташ учун Белоруссияга йўл олди.Орадан кўп ўтмай уруш бошланди. Маҳкамбош сафдошлари қатори Ватанҳимоясига отланди. Украина, Сталинград, Польша ҳамда Германияни фашизмдан озод этишда қатнашди. 1943 йил январида ярадор бўлиб, даволангач яна фронтга отлангди. Белоруссияда 110-дивизияда артиллериячи, пулемётчи сифатида хизматни давом эттириб, ғалабани Германияда кутиб олди. 1946 йилнинг август ойида урушни тугатиб ногирон ҳолда оиласи бағрига қайтди. Урушдан сўнг ўзининг севимли касбини давом эттириб, ёш авлодга таълим-тарбия беришда жонбозлик кўрсатди.

Аббос Маматказин Россиянинг Тамбов вилоятида таваллуд топганди. 1942 йили кўнгилликлардан бўлиб ҳарбий хизматга жўнаб кетади. 1943 йил май ойидан 57-армиянинг 422-дивизия 1392-ўқчи полкида Сталинград остонасидаги жангда иштирок этди.Ғарбий фронтнинг 68-армияси 175-инженерлар батальони ёшлар етакчиси сифатида1945 йил декабригача Белорус фронти 875-снайперлар батальонинг 71-ўқчи корпусида хизмат қилган. Сталинград жангида генерал Паулюс билан бирга17 нафар немис генералини қўлга олишда қатнашди. «Қўлга тушганлар ёнидан тўппончасини олиб ўзи ўзи отган», деб эслайди собиқ жангчи кейинчалик.А. Маматказин урушдан сўнг масъул вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилди. 2009 йилда 87 ёшида вафот этди.

Иккинчи жахон уруши қатнашчиси Мамажон Тоштемиров 1939 йилда харбий хизматга чақирилганди. Шарқий Беларусияни Картус Берёза деб номланган харбий шахарчасига келиб тушиб у ерда қасамёд қабул қилишади.1940 йили Неман дарёсидан ўтиб Литвага киради ва ана шу жойда Болтиқбўйи махсус харбий округининг 33-дивизиясини 82-полкида артиллериячи бўлиб хизмат қилди.1941 йил 22 июнда бошланган хужумда қуршовга тушиб қолган Мамажон Тоштемиров сафдошлари билан 11 кун ўрмонларни оралаб қаттиқ жанг қилиб, қуршовни ёришга эришади ва 3-Украина фронтга келиб қўшилади. Аёвсиз жанглардан сўнг Бендери шахрини озод қилишади.1943 йили енгил ярадор бўлиб даволаниб чиққандан сўнг 2-Украина фронтига жўнатилиб 795-ўқчилар полкида артерелист бўлиб Карпати тоғларида жанг қилади.Карпатидан кейин Болгария, Руминия, Украинадаги бир қанча шаҳарларини озод қилишда қатнашади. Венгрияда ярадор бўлгач, даволаниб туғилиб ўсган қишлоғига қайтиб келади. Урушдан сўнг ветеринария сохасида узоқ йилларишлаб, туманда жамоат чорвачилигини ривожлантиришга ўз муносиб улушини қўшди.

Биз ана шундай мард, олижаноб, эл-юрт учун фидойи ҳамюртларимиз билан бир умр фахрланамиз. Уларнинг кўрсатган жасоратлари олдида бир умр таъзимдамиз.

Шукуржон МАМИТОВ,

Избоскан туманлараро давлат архиви директори.