Андижон 24

Истиқболли лойиҳалар: ЧИГИТ ҚАДАШДАН ТАЙЁР МАҲСУЛОТГА ҚАДАР ҲАМКОРЛИК ЁКИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ БИЛАН ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИНИ ДАРОМАД БИРЛАШТИРАДИ


11.03.2020   1111

Пахтаобод туманидаги фермерлар бу йил алоҳида рағбатлантирувчи омилга эга бўлмоқда. Ерни экишга тайёрлашдан яратилган пахта йиғиб олингунга қадар янгича тарзда иш олиб борилади. Аниқроғи, энди фермерлар фақат юқори ҳосилдорлик учун курашади. Қолган барча ишлар буюртмачининг зиммасида.

Андижон шаҳридаги“Олтин мато текс” масъулияти чекланган жамияти бу борада уларнинг ҳамкорига айланди. Пахта-тўқимачиликда ўзаро ҳамкорлик- кластер усулининг афзаллиги икки тараф ҳам маъқул. Шундан келиб чиқиб, амалдаги йилда 6481 га. майдонда 20 минг 500 тонна ҳосил яратишучун ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича шартнома туздилар. Асосийси, иқтисодий жихатдан муаммо бўлмайди. Ҳар бир агротехник тадбир учун олдиндан буюртмачи пул бериб боради.

Кластер усулида ишловчи ушбу корхона фермер хўжаликларидан ташқари пахта тозалаш заводи, қайта ишлаш, бўяш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи бир неча корхоналарни бирлаштиради. Куни кеча ўз фаолиятини бошлаган бўяш цехи бу йўлда катта қадам бўлди.

Корхонанинг очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур МЧЖ илгари фақат калава ип ишлаб чиқариш билан шуғулланган бўлса, эндиликда унинг таркибидагикорхоналарда хомашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айлантирилишини таъкидлади. Эътиборлиси, бу саноатимиз ривожига хизмат қилиш билан бир вақтда аҳоли бандлигини таъминлайди. Биргина янги барпо этилган бўяш цехида250 нафар ёшлар иш бошлади. Тадбиркорнинг бу ташаббуси доим қўллаб-қувватланишини билдирди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 8,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Дастгоҳлар сотиб олиш учун “Ипотека банк” томонидан 5,5 миллион Евро молиявий кўмак барилган бўлса, 2.5 миллион АҚШ долларилик қурилиш ишларикорхонанинг ўз маблағи ҳисобига амалга оширилди. Соатига 10 тонна қаттиқ сувни юмшатиб, буғга айлантирувчи қозонхона ва лаборатория ортиқча харажатнинг олдини олади.

-Фермерлар қилган меҳнатига яраша даромад оладиган вақт келди,- дейди корхона раҳбари Низомиддин Сиддиқов.-Иновацион ғоялар асосида имкон қадар харажатни камайтириб, даромадни ошириш учун курашяпмиз. Фермер хўжаликлари. Пахтаобод туманидаги калава ип ва Андижон шаҳридаги трикотаж буюмлари ишлаб чиқарувчи ва бугун ўз фаолиятини бошлаган бўяш цехимиз битта умумий мақсад- рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун бирлашган. Бу ўзига хос технологик занжир. Мақсадимиз-ҳар бир ишлаб чиқарувчининг харажатларини камайтириш ва якуний маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш.

Айни вақтда Жанубий кореялик ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориляпти. Дастлаб йилига 1 миллиард сўмлик маҳсулот экспорт қилинади. Кейинчалик бу рақам беш баробарга ўсади. Натижада яна қўшимча иш ўринлари яратилиши ва даромаднинг ортиши шубҳасиз.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Азаматжон ТОШМАТОВ олган сурат.