Андижон 24

«ИСЛОМОФОБИЯ»НИНГ ХАТАРЛИ ЖИҲАТЛАРИ


18.06.2018   1690

Афсуски, бугун дунё миқёсидаги халқаро қуролли можаролар сони камаймасдан, аксинча, кўпайишда давом этмоқда. Яқин Шарқ муаммоси, Исроил-Фаластин муносабатлари, Ироқ ва Афғонистондаги кўп йиллик урушлар тинч аҳоли вакиллари ҳаётига ҳамон зомин бўлиши баробарида, ушбу мамлакатлар иқтисодиётига ва бутун жаҳонда тинчликни сақлаш йўлидаги уринишларга катта тўғаноқ бўлиб келаётгани айни ҳақиқатдир.

Дунё сиёсий манзарасида авж олиб бораётган ушбу муаммолар ичида динлараро, миллатлараро, маданий-тамаддунлараро низолар ва тўқнашувларни, информацион кибертерроризм, ноқонуний қурол, гиёҳванд моддалар айланмаси ва одам савдоси каби турли хилдаги таҳдид ва хавфларни санаб ўтиш мумкин.

Жумладан, диний ақидапарастлик халқаро терроризмнинг кенгайишига, Ғарб давлатларида исломофобия жараёнининг кескинлашувига олиб келмоқда.

Исломофобиядаги «фобия» сўзининг луғавий маъноси – қаттиқ қўрқиш, ёмон кўриш, бирор нарсадан нафратланишни англатади. Юқоридаги маънолардан келиб чиқиб «исломофобия» атамаси исломдан қўрқиш, ундан нафратланиш, уни ниҳоят даражада ёмон кўришни билдиришини англасак бўлади. Бироқ сўнгги пайтларда мазкур атама ўз маъносида эмас, балки ислом ва мусулмонларга нисбатан нохолис муносабат тарзида бағрикенглик тамойилларига зид ҳолда намоён бўлаётганини кўзатишимиз мумкин.

«Исломофобия» («Islamophobia») атамасининг қўлланилиш тарихига назар солсак, у илк бор ўтган асрнинг 20-йилларига бориб тақалиши ва 1922 йилда Этъен Дине ўзининг «Ғарб назаридаги Шарқ» эссесида уни биринчи маротаба ишлатган.

Ислом ва унга эътиқод қилувчиларга адолатсиз ёндашув «исломофобия» атамасининг илмий муомалага киритилиши билан бошлангани йўқ, аксинча, бу холат исломнинг илк даврида ҳам мавжуд эди. Умуман олганда, исломофобия ҳамда вайронкор ғояларни ислом ва мусулмонларга боғлаш ҳаракатлари ўзининг узоқ ўтмишига эга.

Исломофобия тарихида, унинг кейинги ривожланиш босқичларида Европа, хусусан, «Буюк Русь» муҳим роль ўйнаган. Русь христианлаштирилгач, ислом Шарқдан бўладиган доимий хавф - хатар сифатида тушунила бошланди. Халқ оғзаки ижодида одамларнинг ислом ва мусулмонларга нисбатан салбий ҳиссиётларини жунбушга келтирадиган «поганые (еб бўлмайдиган, ҳаром) собаки (ит)» каби ўхшатиш ва қиёсларнинг қайта - қайта ва кўплаб ишлатилиши улар ҳақида нотўғри тушунча пайдо бўлишига туртки бўлди. Шу тариқа, ўрта асрларга хос бўлган нотўғри ғоя ва тушунчаларнинг қоришмалари шаклланди.

Бундан ташқари, баъзи Европа давлатларида, айниқса, Россия ва бошқа шу каби мамлакатларда ксенофобия (бировдан қўрқиш), фашизм, расизм (ирқчилик) муаммолари оммавий хусусият касб эта бошлади.

Масалан, охирги ўн йил ичида юз бераётган бир томондан этник ва диний низолар, иккинчи томондан ислом ва мусулмонларга нисбатан адоват (исламофобия, диффамация) табиийки, ижтимоий-иқтисодий номутаносибликка олиб келди, тинч тараққиёт жараёнини издан чиқарди, инсоният хавфсизлиги ва халқаро барқарорлигига таҳдид солди. Хусусан, Ғарбдаги айрим кўзга кўринган сиёсий арбоблар томонидан «Европа ва мусулмон маданиятларининг ўзаро ҳеч қачон чиқиша олмаслиги» ҳақидаги тезисни қўллаб-қувватланиши хеч кимга сир эмас.

1997 йилда британиялик тадқиқотчи Руннмед Траст (Runnymed Trust)нинг «Исломофобия - барча учун чақириқ» деб номланган маърузаси нашр этилгандан сўнг мазкур атама кенг қўлланила бошланди. Бошқа манбаларда мазкур атама Францияда яшовчи эронлик мусулмон фаоллари томонидан муомалага киритилгани қайд этилади.

Исломофобия билан боғлиқ муаммоларни тадқиқ этиш лойиҳасига раҳбарлик қилган Сассекс университети профессори Гордон Конвей фикрича, исломофобия исломни қолоқ цивилизация, мусулмон маданиятини қотиб қолган ва ўзгармас деб билишга, ўзгача фикрлар ва мунозарага душманлик кўзи билан қарайдиган, аёлларни камситадиган, ақидапараст ва бошқа маданиятларга хавф-хатар туғдириш салоҳиятига эга маданият сифатида баҳолашга асосланган. Бу фикрни британиялик тадқиқотчи Руннмед Траст қисқача қилиб, «Ислом шерик эмас, душман», деган ғояда ифодалаб берган эди.

Умуман олганда, исломофобия ислом динини танқид қилиш, унга бўлган нафрат, ёқтирмаслик руҳидаги қарашлар ва мусулмонларга нисбатан камситиш, тазйиқ ўтказишга асосланган ҳаракатларни ифодаламоқда.

Сўнги вақтларда Европанинг бир неча давлатларида исломофобиядан кенг фойдаланган ҳолда мусулмонларга қаршилик кайфияти кундан кунга ошиб бораётганини ОАВ орқали кузатишимиз мумкин. Биргина Францияда 2016 йилнинг январидан то сентябригача бўлган муддатда мусулмонларга қарши 149 та (2015 йилда эса бу кўрсаткич 323 тани ташкил этган) жиноят қайд этилган. Бунинг асосий сабаби, Париждаги терактлар мусулмонлар томонидан содир этилган, деган нотўғри тушунчалар пайдо бўлганидир.

2016 йил 18 апрель куни «The New York Times» ахборот агентлигининг маълумотига кўра, АҚШнинг Калифорния университетида таълим олаётган 26 ёшли ироқлик талаба Ҳайрулдин Маҳзумий Ироқдаги амакиси билан телефон орқали араб тилида гаплашгани учун ундан самолёт бортини тарк этишни сўрашган ва самолётдан тушириб юборишган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида «The Guardian» (Буюк Британия газетаси) тарқатган ахборотига кўра, АҚШда ўтказилган сўровномада, 38 фоиз америкаликлар мусулмон номзодга овоз бермаслигини изҳор қилган, хатто ўша номзод жуда юқори малакали мутахассис ва бошқа жиҳатлари ҳам аъло бўлсада.

Бундан ташқари, ушбу газетада чоп этилишича, британияликларнинг учдан бири исломни Ғарб либерал демократиясига таҳдид солади, улар «тажовузкор», деб ҳисоблашар экан.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Германия президенти Йоахим Гаук ва канцлер Ангела Меркель Альтдорф шаҳар ҳокимининг муовини ислом ҳақида ножоиз гап айтганини «адашиш» ва «жоҳиллик» деб таърифлаб, Германияда исломофобиянинг кучайиб бораётгани учун мусулмонлардан узр сўради.

Ушбу ҳолатларни кузатиб турган айрим давлатлар исломофобияга қарши курашиш тўғрисида тарғибот ишларини бошлаб юборгани, хусусан, Канада ҳукумати томонидан исломофобияга қарши курашиш тўғрисида янги қонун ишлаб чиқилиши ҳам шулар жумласидандир.

Хулоса қилиб айтганда, сўнги вақтларда ўзларини ҳар хил номлар билан атаб келаётган террорчи тўдалар исломофобия орқали одамларни ислом динидан, қолаверса мусулмонлардан қўрқишга ва нафратланишга сабабчи бўлмоқдалар. Бунинг оқибатида мусулмонлар зўравонлик, таҳдидлар ва шавқатсиз муносабатларга дуч келиши, шу билан бирга, британияликларнинг бешдан бири – мусулмонларни «жиҳодчи», «экстремист» ва «террорчи» деб таърифлаётгани жуда ачинарли ҳолдир.

Бунинг оқибатида, бир қатор Европа мамлакатларида юз берган турли хил ходисалар исломофобия муаммосининг сезиларли даражада кескинлашувига олиб келди. Франция ва Бельгия шаҳарлари четида юз берган тартибсизликлар, Дания ва Францияда Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатуранинг ишланиши ва нашр этилиши ана шулар сирасидандир.

Равшан Комил.