Жамият

«ИСЛОМДА ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ЎРИН ЙЎҚ»


24.10.2018   598

Маълумки, экстремизм ва терроризм ҳозирги кунда дунёдаги энг глобал муаммога айланган. Мазкур гуруҳ аъзолари қилаётган ишларини дин ниқоби остида, муқаддас Ислом динининг асл моҳиятини бузган ҳолда амалга оширмоқдалар. Ўз тарғибот доирасини кенгайтириш учун оммавий ахборот воситалари, интернет глобал тармоқлардан кенг фойдаланаётганлиги кишини ўйга толдиради. Чунки, ҳозирги кунда интернет тармоғи инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаётининг асосий қисмига айланиб улгурган.
Ана шу долзарб мавзуга бағишлаб, АДТИ илмий кенгашлар залида институт маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди. “Исломда экстремизм ва терроризмга ўрин йўқ” деб номланган давра суҳбатида Андижон шаҳри Девонабой Жомеъ масжиди имом хатиби Мисҳоҳиддин Рожиддинов, шаҳар прокуратураси терговчиси Авазбек Бозорбоев, ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Паттохон Асханов, институт психологи Ўткирбек Арзиқулов, бўлим бошлиғи Абдураҳмон Абдуҳалимов ҳамда талабалар иштирок этишди.
Имом-хатиб Мисҳоҳиддин Рожиддинов иштирокчиларга ислом динининг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, турли экстремистик ва террористик оқимлар ҳамда уларнинг зарарли оқибатлари тўғрисида тушунчалар берди. Шунингдек, талабаларнинг мавзу юзасидан саволларига жавоб қайтарди.
Шунингдек, шаҳар прокуратураси терговчиси А.Бозорбоев талабаларнинг интернет оламидан ўз ўрнида самарали ва унумли фойдаланишлари, юқоридаги оқимлар таъсирига тушиб қолмаслик, комил шахс бўлиб шаклланишларида эътибор бериш зарур бўлган жиҳатлар ҳақида сўзлаб, маслаҳатлар берди.
Давра суҳбати талабаларнинг фаол иштироки билан қизиқарли ва мазмунли ўтди.

«auz.uz» online гуруҳи.