ИСЛОМ КЕЧИРИМЛИ ДИН АММО СЎРОҚ-САВОЛ МУҚАРРАР
18.10.2020 5624
Блогерликни янги Ўзбекистон тарихида кашф этилган ва жуда тез оммалашган касб десак, муболаға бўлмайди. У ошкоралик сиёсатининг ажралмас қисми сифатидаги сўз эркинлиги туфайли юзага келди. Соҳа вакилларига давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилгани ҳам мавзунинг аҳамияти тўғрисида далолат беради. Блогерлар йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни кўтариб чиқиб, ечимини топишга катта ҳисса қўшмоқдалар. Сирасини айтганда, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги тамойилини сингдиришда асосий бўғинлардан бири бўлдилар. Айни вақтда асоссиз маълумотлар тарқатиш ҳоллари ҳам кўплаб учрамоқда.Шу хусусда вилоят бош имом-хатиби Мирзомақсуд АЛИМОВ билан суҳбатлашдик.
– Мирзомақсуд домла. Муқаддас ки-тобларимизда инсон зийнати ҳисобланган
– Диёримиздан юзга яқин буюк алломалар етишиб чиққанки, улар дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшгани билан башарият тарихида ўчмас из қолдирганлар. Беруний, Ал Хоразмий, Ибн Синокашфиётлари муқаддас Қуръони каримда келтирилган ҳақиқатларни илмий асослаш орқали рўёбга чиққан. Буюк сиймолар нафақат олим, балки юксак ахлоқ соҳиблари сифатида эътироф этилади. Ислом сўзининг маъноси тинчлик, саломатлик дея талқин қилинади.
Покиза эътиқод, гўзал амал, гўзал ахлоқ исломнинг асосларини, моҳиятини ташкил қилади. Динга эътиқод қилиб, унда буюрилган амалларни бажариш баробарида инсондан гўзал ахлоқ талаб этилади. Ахлоқимиз бўлмаса, эътиқод ва амалнинг савоби ҳам кўпаймайди, аксинча савобининг камайишига олиб келиши мумкин. Хусусан, ҳар бир ибодат одоб ва ҳусни хулқ билан адо этилса, ибодат янада мукаммал ва ажру савоблари ҳам кўп бўлади. Бу билан инсон Аллоҳнинг ризолигини ҳам топади. Бад-хулқ инсон эса, Аллоҳнинг ғазабига ва инсонларнинг норозилигига сабаб бўлади. Бу эса унинг гуноҳини кўпайишига олиб келади. Аллоҳ сақласин.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилдилар: “Мен гўзал ахлоқни итмомига етказиш учун юборилдим”. Демак, мусулмон киши албатта гўзал хулқ соҳиби бўлишга доимо интилмоғи лозим.
– Блогерликни камситмаган ҳолда шуни эътироф этиш керакки, тезкор маълумот тарқатиш, ахборот бозорида биринчи бўлиш, эътиборга тушиш истаги фактларни хаспўшлаш, ижтимоий тармоқларга асоссиз, ёлғон хабарлар жойлаштиришга олиб келмоқда. Шу ўринда Исломда ғийбат ва туҳмат қандай баҳоланади?
– Бу хусусда Қуръони каримнинг Ҳумаза сурасида сўз юритилади. Ҳумаза – одамларни ғийбат қилиб, сўз ё амал ёки ишора билан таҳ-қирлашдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Ҳумаза – ғийбат қилиш, лумаза эса –айблашдир». Маккада нозил этилган бу сура одамлар орасида илдиз отган, даволаш мушкул бўлган хулқни муолажа қилади. Сура одамларни айблаб, таҳқир этиб, уларни паст санаб, масхара қилувчиларнинг барчасини қаттиқ азоб кутаётганидан хабар беради. Жумладан, айтиладики, «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг бандаларини энг ёмони чақимчилик билан юриб, дўстлар орасини фасод қилиб, беайб инсонларга тажовуз қилувчилардир», дедилар. Ғийбат тарқатувчилар суҳбатини тинглашнинг ўзи ҳам гуноҳ ҳисобланади. Умуман олганда, Қуръонда бадхулқликнинг 161 та кўриниши айтиб ўтилган.
– Ислом – кечиримли дин. Шундай бўлса-да, ўзгага етказилган озор сўроқсиз қолдирилмайди, шундайми?
– Ҳақ икки хил кўринишда бўлади. Бири Аллоҳ ва банда ўртасидаги ҳақ. Иккинчиси – банда билан банда ўртасидаги ҳақ. Бандаси кечиргани билан Аллоҳнинг сўроқ-саволи бор, шуни унутмаслик керак. Зулм қилган золим қиёматда кечирим сўраши учун зулм кўрганга ўз савобидан бериши зарур. Агар савоби бўлмаса, зулм кўрганнинг гуноҳларини ўзига олади.
Ривоят қилинишича, бозор айланиб юрган уламонинг ҳамёнини ўғри уради. Ул зот бундан ниҳоятда азият чекади. Шунда атрофдагилар: “Тақсир, мол-дунёга берилиш дуруст эмас, дейсиз. Наҳотки ҳамёнингизга шу қадар ачинсангиз?” дея ҳайрон бўладилар. Шунда уламо:“Мен ҳамён йўқотганимга эмас, уни бозорга олиб келиб, бир бандага ўғрилик гуноҳи ёзилишига сабабчи бўлганимдан хижолатдаман”, деб жавоб қайтаради. Демакки, нафақат озор етказишдан тийилиш, балки ўзгани гуноҳдан асраш ҳам муҳимдир. Шунинг учун инсон ўзгаларнинг ҳақларига тажовуз қилишдан тийилмоғи лозим. Мабодо агар шундай гуноҳни билиб ёки билмай содир қилган бўлса ҳам ўша инсонга узрини изҳор қилиб кечирим сўрасин. Энг асосийси, Аллоҳга тавба қилиб, гуноҳини кечиришини сўрасин ва бошқа бу гуноҳга қўл урмасин. Шу ўринда блогерман, деб фаолият олиб бораётганлар ҳам билиб-билмасдан ёки қизиққонлик қилиб нотўғри маълумотлар тарқатишдан эҳтиёт бўлишлари керак. Турли миш-мишлар, гап-сўзларга асосланиб хабар ёзмасинлар.Зотан, бундай хатти-ҳаракатнинг сўроқ-саволи борлиги, аъмолига гуноҳ ёзилиб қолиши мумкинлигини унутмасинлар.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
РS. Блогер ва блогерлик ҳақида қисқача маълумот:
Блогер – онлайн-кундалик (“блог”) тутиб, унда мунтазам равишда янги қайдлар жойлаштириб борувчи шахс. Бугунги кунда дунёда 2 млрд. блогер фаолият кўрсатади. Улар постлар қолдириб, ўз ҳаёти, қизиққан соҳаси, машғулотиҳақида ёзиб борадилар. Ҳатто тош номидан тутилган блог мавжуд. Кучуклар суратини жойлаштириб, тўрт оёқли дўстларимизни кондитер маҳсулотларига қиёсловчи блогерлар ҳам бор. Блогнинг муваффақиятини унга обуна бўлганларнинг миқдори белгилайди.
Блогерликни касб қилиб олиш учун инсонда маълум малака ва тегишли соҳада маълумот бўлиши зарур. Мутахассисларнинг фикрича, блогерликка даъвогар ўз ҳаётий тажрибаси билан бойитилган ноёб матнёза олиши, масалага ўзгача ёндаша билиши керак.
Саидаҳмад Шукуров
суҳбатлашди.