Андижон 24

ИСЛОМ ДИНИДА ВАТАН ҲИМОЯСИ


07.06.2018   2257

Ҳар бир давлат ўз мустақиллиги, хавфсизлиги, чегара ҳудудларининг дахлсизлиги ва осойишталигини, аввало Қуролли Кучлари орқали ҳимоя қилиши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни тахқирламоқчи ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг Ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни юртидан қувиб чиқарган. Ўз Ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ор-номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарсада, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳиятларини инсонлар асло унутмайдилар.

Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан бири Кубравия таълимотининг асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанини ўз жонидан устун кўрган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, уни қўлларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади.

Бундай зотлар хусусида буюк аллома Алихон тўра Соғуний: “она Ватанини севиш ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади”, деб таъриф берган.

Ҳарбий хизматчининг мажбуриятлари она Ватанига, халқига бўлган бурчи ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий низомиларида яққол кўрсатиб қўйилган.

Масалан, ҳарбий хизматчи қуйидагиларга:

- Ҳарбий қасамёдга содиқ қолишга, ўз халқига фидойиларча хизмат қилишга, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги ва ҳудудий бутунлигини матонат, маҳорат билан, ўз сўнгги томчи қони ва ҳатто ҳаётини аямасдан ҳимоя қилишга, ҳарбий бурчни бажаришга;

- ўз давлати конституциясига ва қонунларига қатъий риоя қилишга, ҳарбий низомларнинг талабларини бажаришга мажбурдир[1], деб келтириб ўтилган.

Шунинг учун ота-оналаримиз ҳарбий хизматга чақирилаётган фарзандларига Ватан ҳимоясини чин дилдан адо эткин, юзимизни шувут қилмагин, деган сўзларни қайта-қайта такрорлаб, оқ фотиҳа беришади. Бундан куч тўплаган фарзандларимиз Ватан тинчлигини жону-жаҳди билан химая қилишга отланадилар.

Чунки Ислом манбаларида Ватан химояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Ҳадисда: “Ким моли ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким жони ҳимоясида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким дини ҳимоясида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким аҳли ҳимоясида ўлдирилса у шаҳиддир”, - деб айтилган. Демак, халқ, Ватан ҳимояси йўлида жон бериш шарафдир.

Дархақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. У инсон учун жондан ҳам азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс холда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлар эди. Зеро, шаҳидлик мақоми шундай мукофотки, шаҳид бўлган киши жаннатга савол-жавобсиз тўғридан-тўғри киритилади.

Ваҳоланки Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам улкан савобли иш саналади. Ислом манбаларида келтирилганидек:

“Бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки ўз сарҳадини қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам ҳудди шундай улкан-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилади”.Бошқа ҳадисда эса “Кеча-кундуз “рибот”, (яъни душман қаршисида туриш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган намоздан яхшидир,” - деб бежизга айтилмаган.

Бир кеча-кундуз душман қаршисида туриш шунчалик савобли иш экан, агар биз Ватан ҳимояси йўлида ҳарбий қасамёдимизга содиқ қолиб она Ватанимизни ҳимоя қилсак, бунинг савобининг саноғига етиб бўлмайди, албатта.

Хатто, Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан жанговор навбатчиликни ўтаётган ҳарбий хизматчининг кўзини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб айтганлар (Термизий ривояти).

Шу сабабли, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифаларини сўзсиз бажариши вожиб (шарт)дир.

“Таълимул-мутааллим” (Устоз ва Шогирд) китобида шундай келтирилади, “Қанча-қанча ишлар борки, кўринишидан дунё ишига ўхшагани билан, ниятни чиройли қилиш эвазига савобга айланади. Хусусан, Ватан ҳимоясида туриб вақтим ўтса бўлди, маошимни олсам бас, деган ғаразли фикрлар билан эмас, балки, шу ўтказажак ҳар бир лаҳзаларим учун савоб оламан, менинг бедорлигим баробарида халқим беташвиш ва хотиржам тирикчилигини қилмоқда, дея ният қилинса, албатта, унинг савобини олади”.

Яна бир манбада етти тоифа инсонлар қабрда ҳисоб-китоб қилинмайди, дейилган. Шулардан биттаси ҳарбий нуқтани қўриқлаш вақтида ҳалок бўлганлардир. Бу эса Ватан ҳимояси қанчалик буюк ибодат эканлигига далолатдир.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий сўзлари билан айтганда: “Башар ўз ерига, гарчи у тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат Ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Қуръони Каримда шундай келтирилади “Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас.

Ушбу оят ҳарбий хизматчилар доимо Ватан ҳимоясида шай туриши лозимлигига далилдир. Ҳар бир мусулмонман деган киши учун қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиши билан Аллоҳнинг буйруғини бажарган бўлади. Агар Ватан ҳимоясидан бош тортиб, Ватанини сидқидилдан ҳимоя қилмаса, унга ҳоинлик қилса, ўз манфаатини биринчи ўринга қўйиб ёки бирор баҳонани рўкач қилиб жанг майдонларидан қочиб қолса, қўмондонлари томонидан қўйилаётган вазифаларга совуққонлик билан ёндашса Аллоҳ олдида катта гуноҳкор, халқи олдида кечирилмайдиган нафратга дучор бўлади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш мумкинки, Ислом манбаларида шунчалик бир бирини қувватлайдиган маълумотлар келтирилганки, уни ўқиган киши Ватан ҳимоясида бўлиш бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси намоз ўқиган савоби ёзилишини ҳамда кимки Ватанини ҳимоя қилиш вақтида ҳалок бўлса, унга улкан-савобу мукофотлар, шаҳидлик мақоми берилиши такрор-тарор келтирилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Шу боисдан ҳар биримиз она Ватанимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз, Ватанимиз ҳимоясида доим шай ҳолда туришимиз, унга виждонан ёндашишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Шундагина бизнинг фарзандларимиз бизданда кучлироқ, зуккороқ бўлиб улғаяди, улар ҳам киндик қони тўкилган юртини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчга меҳр-садоқат билан ёндашади.

Нодир Абдулло.



[1] Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ички хизмат Низомининг 1-боб, 13 моддаси.