ЖАМИЯТ

ИС ГАЗИ НИМА?


14.03.2020   1321

Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида хосил бўлади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида эса 50−60% гача ис гази бўлади.

Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турар жойларида, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ сизиб чиқиб турганида ва печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомларда ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиш мумкин.

Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма — карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипокцияга, оғир ҳолатларда эса — анокцияга олиб келиши хамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда: фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик; ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш; иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш; газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш; ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш. Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқа)ни чала ёниши натижасида ис гази хосил бўлади.

Газ плитасида хонани иситиш ва унинг устида кийимларни қуритиш, назоратсиз, ёқилган ҳолатда қолишига йўл қўймаслик зарур. Бундан ташқари, газ сизиб чиқаётганини очиқ олов ёки гугурт чақиб текшириш мумкин эмас. Газ баллонларини иссиқлик манбаига яқин жойда қолдирмаслик лозим.
Агарда бинода газ ҳиди сезилса, ойна ва эшикларни зудлик билан очиш, кўчага чиқиш ва 104 рақами орқали газ хўжалиги авария-диспечерлик хизмати ёки 1050 рақами бўйича қутқарув хизматига қўнғироқ қилиш керак. Бундай ҳолатларда чироқ, олов ёқиш, электр ускуналарни ишга тушириш тақиқланади.

Ҳусанбой Раҳмонов,

Хўжаобод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими профилактика назорати бўлинмаси инспектори, сержант.