Андижон 24

ИНТЕРНЕТ ОВЧИЛАРИ КИМГА ТУЗОҚ ҚЎЙЯПТИ?


29.04.2020   1740

Ойнаи жаҳон орқали ёт оқимларга адашиб кириб қолиб, сўнггида минг машаққат билан юртга қайтганлар тўғрисида кўрсатув берилди. Ёшгина йигит, чамаси 25-27 ёшлар атрофида, мухбир билан суҳбатлашаркан, бу йўлга интернет орқали боғланиб қолганини айтди. Қаранг, айни ўқиб-изланадиган, касбу ҳунарнинг қўлидан тутадиган бир паллада ёшлигини маънавий таҳдид таъсирида барбод қилганлардан бири у. Ота-онасининг орзулари қанотини қайирган адашган одам у.

Ҳаётимизга интернет жадаллик билан кириб келди. Глобаллашув турфа қарашлар асосида ижтимоий ҳодисалар билан боғлиқ равишда талқин этилаётган долзарб муаммолардан бирига айланиб улгурди. Жумладан, интернет айрим нияти шум кимсалар учун “қурол” вазифасини бажармоқда. У орқали маънавиятимизга, миллий мафкурамизга салбий таъсирини ўтказмоқда. Бунинг замирида инсон эркинлигини йўқ қилиш, одамни ўзига ғоявий қарам этиш, руҳий дунёсини издан чиқаришга таҳдид бор. Шунинг учун ҳам “интернет овчилари” қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун ғўр, маънавияти тўла шаклланмаган ўғил-қизларни қармоғига тез ва осон илинтирмоқдалар.

Айни даврда фарзандларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш керак эмас. Улар бу вақтда эътиборталаб бўлишларини ҳисобга олиш зарур.Ота-онанинг бефарқ ва лоқайдлиги сабабли ўсмир меҳрни бошқа жойдан излай бошлайди. Бу ҳолат эса. табиийки, интернет овчиларига жуда қўл келади. Қаерда бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, ўша ерда парокандалик авж олади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган амалий ишлар бежиз эмас. Ўзим фаолият юритаётган Андижон индустриал педагогика коллежида бу борада ота-оналар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Айнан беш ташаббус ижросини улар билан биргаликда амалга оширяпмиз. Албатта, бу кутилганидан зиёда ижобий натижани бераётир. Чунончи, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, фойдали машғулотлар билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш, иқтидор ва истеъдодларини тўла намоён этишларига кўмаклашиш мақсадлари юқоридаги каби салбий ҳолатлар юзага келишига жиддий тўсиқ бўлади.

Ирода Қаюмова.