Иқтисодиёт

ИНСУЛИН ЭНДИ ЎЗИМИЗДА ТАЙЁРЛАНАДИ


25.10.2017   606

Вилоятимизда яна бир йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Андижон туманининг Бобур массивида «Zamin Bio Health» МЧЖ томонидан инсулин – қандли диабет касаллигига қарши инъекция ишлаб чиқарувчи корхона барпо этилмоқда.

– Ҳозиргача бу дори фақат четдан олиб келинади, – дейди МЧЖ раҳбари Авазбек Низомов. – Қандли диабет касали билан оғриганлар сони эса ортиб бормоқда. Халқимизнинг эҳтиёжи бизни бу ишга қўл уришга ундади.

Корхонанинг умумий ер майдони 1,5 гектар. 2 та блок – цех қуриб битказилди. Айни кунларда муҳташам маъмурий бинодаги ишлар якунланиш арафасида. 50 нафар қурувчи ва 20 нафар уюшмаган аҳоли вакиллари қўли-қўлига тегмай меҳнат қилишмоқда.

Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур иншоотнинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг. Ҳозиргача «Трастбанк»нинг вилоят бўлимидан 1 миллион доллар ва 7,5 миллиард сўм кредит олинди.

Агар корхона тўла қувват билан ишлай бошласа, жаҳон ва Европа андозаларига жавоб бера оладиган 6 хил инсулин ва 15 турдаги ампула ишлаб чиқарилади. Тайёрланган йиллик маҳсулот ҳажми 10 миллион флаконни ташкил этади. Унинг ярми мамлакатимиз аҳолиси эҳтиёжини қондирса, қолгани экспорт қилинади.

– Қандли диабет касали ҳозир бутун дунё табобатида катта муаммо бўлиб турибди, – дейди фармацевтика соҳасида 30 йиллик тажрибага эга Собиржон Низомов. – Дори-дармон етишмаслигидан муаммо қамрови янада кенгаяди. Чунки бир флакон инъекция дориси 2,5 долларга сотиб олинади. Бизнинг маҳсулот эса 2 долларга тушади. Энг муҳими, юзга яқин ишчи ўрни яратилади.

Хомашё Европа давлатлари ва Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинади. Тайёр маҳсулот аввало ён қўшниларимизга, кейинчалик Африка ва МДҲ мамлакатларига сотилади.

Ҳозир Хитой, Буюк Британия, Франция ва Ҳиндистондан 3 миллион доллар миқдорида дастгоҳлар келтирилди. Корхона 2018 йилнинг биринчи чорагида иш бошлайди. Айни кунларда ўзимизнинг мутахассислар чет элларда малака оширишмоқда.

Авазбек эндигина 32 ёшга кирди. Бундай ишбилармон ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Биз ундан бу савобли иш ғояси қандай туғилганини сўрадик.

– 2016 йили республика инвестиция дастурига асосан «Ўздорисаноат» ОАЖ қатор лойиҳаларни тақдим этди. Биз маслаҳатлашиб, ушбу лойиҳага шартнома туздик ва иш бошладик. Назаримда, қийинчиликлар ортда қолди.

Ҳа, мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлар туфайли тадбиркорларимиз мана шундай улкан ишларга қўл урмоқдалар. Ушбу корхонанинг довруғи ҳадемай овоза бўлиб, Ватанимиз салоҳиятини барчага кўз-кўз қилиши шубҳасиз.

Набижон Жалолов,

«Андижоннома»

мухбири.

Хурсандбек Араббоев

олган суратлар.