ЖАМИЯТ

Инсоф этагидан тутасизми – виждонингизга ҳавола!


17.05.2019   2526

Асака туманининг Дастурхончи маҳалласи ўрамидан ўтган “Андижон-Шаҳрихон” қатнов йўлида транспорт ҳодисаси содир бўлди. Шу маҳаллада яшовчи уч аёл йўл четидаги гулларни суғораётган эдилар. 1995 йилда туғилган, Андижон туманининг Хортум маҳалласида яшовчи Азамат Садриддинов “Кобальт” машинасини бошқаролмай қолди. Йўл четига чиқиб кетган машина аёлларни уриб юборди. Улардан бири – Омадхон Парпиева ўша жойнинг ўзида, яна бири Фазилатхон Тожибоева шифохонада вафот этдилар. Учинчи аёл – Зулайҳо Усмонова тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилди.

Аввало, вафот этганларнинг охиратлари обод бўлишини, шикаст етган аёлнинг шифо топишини тиламоқ жоиздир. Ноқобил ҳайдовчи Азамат Садриддинов устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Албатта, у жазосини олади.

Воқеа содир бўлган куннинг ўзида “Озодлик” радиоси “исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бири” ҳамда “ободонлаштириш бўлимида ишлайдиган исми сир қолишини сўраган ишчи”, шунингдек, “туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими” деб аталган мавҳум кишиларнинг сўзларига таяниб, аюҳаннос солди. Бу аёллар “Президент ташрифи муносабати билан экилган гулларни суғоргани чиқарилган ҳашарчилар” экан. Андижонда “Президент келишига одамлар бутун вилоят бўйлаб мажбурий меҳнатга мажбур қилинди”, экан. Аёлларни уриб юборган ҳайдовчи қочиб кетибди. Унга қидирув эълон қилинибди.

“Озодлик” томонидан қўзғатилаётган мана шундай иддаолар оддий кишиларнинг онгига заҳар сепишдан бошқа нарса эмас. Йўл-транспорт ҳодисасини мамлакатнинг Бош раҳбари келадиган куни рўй бергани учун мана шу ташрифга боғлаш, шу орқали ижтимоий-маънавий муҳитга зарар етказишга уриниш қаллобликдан бошқа нарса эмас. Ахир, фалокат оёқ остида, у қачон ва қаерда бўлишини Яратганни ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

“Озодлик” радиосининг мухбирлари четдан туриб мамлакат ичидаги воқеа-ҳодисаларга сассиқ бурунларини тиқаётгани, маълумот олиш учун ўзларини турли идора вакиллари сифатида таништираётганлари холати бу ОАВ қандай ишлаётганини фош этиб бўлди. Пастқам-пана жойда биқиниб олиб, замонавий алоқа воситаси - мобиль телефонидан бадбўй нафсингизни қондириб, пул ишлаш учун моғор босган қалб бўлиши керак.

Энди яна бир “оламшумул” хабар ҳақида тўхталсак, “Озодлик” Андижон туманида уй-жойга эга бўлиши керак бўлган муҳтож хотин-қизлар қолиб, яхши таъминланган оилалар вакилалари рўйхатга киритилди, деб жар солди. “Озодлик”чилар иқрор бўлганларидек, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳам, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам бундай иддаони рад этган. Бош прокуратура рўйхатга кирмай қолган хотин-қизлардан мурожаатлар тушмаганлигини билдириб, шундай бўлса-да, туман прокуратураси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарорида белгиланган ижтимоий мезонларга лойиқ ёки нолойиқ тарзда рўйхат шакллантирилганлиги юзасидан бу масала ўрганилаётганлигини ҳам эътироф этишган.

Яна ўша мавҳум шахс, яъни “жазога тортилишидан қўрқиб, исмини очиқламасликни сўраган ҳокимлик мулозими” - “Озодлик”нинг асосий ахборот манбаига айланяпти. Хабарни ўқиб, қаерда қурилган уй, айнан кимлар оляпти, улар орасида “қўш-қўш машинаси ва уйлари бор ” аёллар кимлар – ҳеч қандай жавоб йўқ. Аллакимнинг “фуқаровий хотини”, “аллақайси тадбиркорнинг қизи”, “бош ҳисобчи укасининг хотини”, деганлар арзон уйлардан олаётган эмиш.

Ҳой, барака топкур, “Озодлик”дагилар! Ҳурмат, Қудрат ёки Шуҳрат Бобожон деган “алломаи давронлар”! Тош отиш экан деб, қўлга кирган нарсани дуч келган томонга отавериш калтабинлик эканини биласизми? Ёки “сўз эркинлиги”, “демократия” деган тушунчалар писиллатиб отиладиган пахтавон ўқлар жойланган тўппончами?

Бутун Ўзбекистонда, хусусан, Андижонда одамлар эртанги кунимиз бунданда ёруғ бўлиши учун ҳалол меҳнат қиляптилар. Тўғри муаммолар бор. Бироқ улар тизимли равишда ҳал этиляпти. Четдан туриб тош отиш, лойқа чаплаш охир-оқибат юзингизни шувит, кунингизни ҳаром қилишини нега ўйламаяпсиз?

Бу фикрлар биргина Асака йўлидаги воқеа, Андижон туманидаги арзон уй-жойлар хусусидагина билдирилаётгани йўқ. Ит ҳурар, карвон ўтаверади, деган гап бор. Сиз аввал, шу юртга келинг, кўринг, одамлар билан очиқ суҳбат қуринг. Кейин ҳуришда давом этасизми, инсоф этагидан тутасизми – виждонингизга ҳавола!

Тожали Шокиров, фахрий