Бугуннинг гапи

Инновация: Замонавий ферамон тутқич ҳосил кушандасига қарши курашади


12.03.2018   367

Андижон тажрибаси деган жумла эндиликда республикамизда янгилик эмас. Сабаби, қатор соҳаларда андижонликлар ўзига хос тажриба мактабини яратган. Жумладан, қишлоқ хўжалигида қатор янги лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этилаётгани бунга ёрқин мисол бўла олади.

Кейинги йилларда вилоятимиз деҳқонлари юқори хосилдорликка эришишда барчага ўрнак бўлмоқда. Шундай бўлсада соҳада янада самарали натижаларни қўлга киритиш мақсадида изланишлар давом этмоқда. Бу борада Андижон қишлоқ хўжалик институти олимлари томонидан яратилаётган янгиликлар эътиборли.

Охунжон Рахматов олийгоҳнинг умидли ёш олимларидан. У устозлари кўмагида қишлоқ хўжалик экинларидан юқори хосил олишга тўсқинлик қилаётган кемирувчи хашаротларга қарши курашиш устида иш олиб борди. Изланишлари натижасида замонавий ферамон тутқич яратишга эришди. Ундан фойдаланиш ортиқча харажат талаб қилмайди, бошқа тутқичлардан самарадорлиги юқори.

Янги лойиҳадаги ферамон тутқич тузилиш жихатидан 6 хонадан ташкил топган. Унинг ички қисми атиги 0.42 квадрат метр. Ён қисмларига электр ёритгич ҳамда ҳид тарқатишга хизмат кўрсатувчи варраклар ўрнатилган. Бу билан майдон атрофида зараркунанданинг қатламини башорот қилиш имкони яратилади.

Пахта майдонида хашаротни атрофга тарқалиши иссиқлик ва намликга боғлиқ, Унинг оммавий тарқалиш жараёнида башорат қилиш мухим ахамятга эга. Шуларни хисобга олган холда замонавий такомилаштирилган ферамон тутқичлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

-Хашаротларнинг зарарли мезони кўпинча тунда намоён бўлади,-дейди О.Рахматов,- Шу сабаб ушбу ферамон тутқичнинг қўшимча қурилмалари ана шу вақтда ўз вазифасини бажаради. Биз амалда қўллаган биологик фаол модда, яъни капсула асосан эркак хашаротларни жалб қилади ва хар бир капалак тузоққа тушганда унинг минглаб авлодига нуқта қўяди.

Ёш олим Охунжон Рахматов томонидан таклиф этилаётган қурилма мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда, дастлабки буюртмачилар билан шартномалар имзоланди. У келгусида фермер хўжаликларида юқори ҳосилдорлик гарови бўлиши шубҳасиз.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Рустамжон ЭШОНОВ олган сурат.