Иқтисодиёт

Инновация: изланиш самараси


10.02.2018   213

Республикамизда қишлоқ хўжалигининг истиқболи хусусида гап борганда андижонликлар тажрибаси алоҳида эътироф этилади. Бугун вилоятимиз олим ва ихтирочилари ана шу мактабни янада мустаҳкамлаш ҳаракатида.

Давлатхон Муқимова Андижон қишлоқ хўжалик институтининг изланувчан ёш олималаридан бири. У 2005 йили агроинженерия факультетини тамомлагач, устозлари кўмагида илмий фаолиятини бошлади. Ерларни экишга тайёрлашда фойдаланиладиган техникаларнинг самарадорлигини ошириш, қулай ва камхарж технологиялар яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Дадаси Каримжон ака раҳбарлигидаги фермер хўжалиги далаларида дастлабки тажрибаларини ўтказди.

– Янги ҳайдалган ерларни экишга тайёрлаш ишлари тишли ва дискли тиркамалар ҳамда мола-текислагичлар ёрдамида кўп марталаб амалга оширилмоқда, – дейди Д. Муқимова. – Бу ўз-ўзидан тупроқнинг физик-механик хоссаларини ёмонлашуви, намнинг йўқолиши, ёнилғи сарфи ва бошқа харажатларни кўпайтиради. Шу сабаб комбинациялашган машинанинг саноат нусхасини яратишга эътибор қаратдим. У бир вақтнинг ўзида ҳайдов қатламини тўлиқ зичлаш, даланинг юза қисмини текислаш ва майдалаш ишларини амалга оширади

Ёш ихтирочи яратган машинанинг конструкцияси мутахассислар томонидан маъқулланди. Бу фермер хўжаликларининг раҳбарларида ҳам қизиқиш уйғотди. Дала синовларида қатнашган олимлар уни қўллаб-қувватладилар. Айниқса, ерларни такрорий ва кузги буғдой экишга тайёрлашда қўл келиши, ҳар гектар майдонга ишлов беришда ёнилғи сарфи 1,75 килограмм, меҳнат сарфи 33,8 фоиз ва эксплуатация харажатлари 27,8 фоизга камайиши эътироф этилди.

Республика хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллар уюшмаси томонидан ўтказилган "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" I республика танловининг вилоят босқичида Давлатхон Муқимова юқоридаги иши билан ғолиблар қаторидан ўрин олди.

Акбаржон

НАЗАРОВ.

Суратда: ихтирочилар Д. Муқимова ва Абдулло Абдуманнопов.

Рустамжон Эшонов олган сурат.