Андижон 24

ИМТИХОНЛАРИ БОШЛАНДИ. У ҚАНДАЙ ЎТМОҚДА?


29.07.2019   2576

АНДИЖОН (auz.uz). – Аввал хабар берганимиздек, Андижон вилоят ихтисослаштирилган олимпия резервлари мактаб-интернати ва Андижон давлат университетининг хорижий тиллар факультетининг спорт иншоотида олий ўқув муассасаларининг бакалавриат таълим йўналиши бўйича тест синовлари бошланди.

auz.uz сайти давлат имтихонлари қандай тарзда кечаётганини кузатишда ва муштарийларни хабардор қилишда давом этади.

- 2009 йилда Андижон индустриал педагогик коллежини бошланғич таълим йўналиши бўйича тамомлаганман, - дейди Андижон шаҳридаги 59-мактабгача таълим муассасаси табриячиси Зиёдахон Дадабоева. – Коллежни битиришим билан ота-онам мени турмушга беришган. Бола парвариши ва бошқа сабаблар, шунингдек турмуш ўртоғим ва яқинларимнинг райига қараб, ишлаган бўлсамда бирор маротаба ҳам ўқишга киришни ўйлаб кўрмаганман. Ишхонамдаги ҳамкасбларимнинг тавсияси билан бу йил биринчи маротаба Андижон давлат университетининг технологик таълим йўналишининг сиртқи таълим шаклига ҳужжат топширдим. Нияти бошқалар қатори менга ҳам талабалик бахти насиб қилса.

Ўз омадини синаб кўриш истагида бўлганлардан яна бири хўжаободлик Тўхтамурод Сайдалиевдир. У “Маҳалла” жамғармасининг туман бўлимида ташкилий назорат бўлими бош мутахассиси вазифасида меҳнат қилади. Фаолиятининг асосий қисми технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Коллежни тамомлагандан сўнг уч маротаба олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, билимини синовдан ўтказган. Бироқ унга ҳеч омад кулиб боқмаган. Мақсадни катта олган Тўхтамурод ортга чекинишни истамай, яна Андижон давлат университетининг информатика методика ўқитиш йўналишига ҳужжат топширди.

- Ишдан бўш вақтларимда тест синовларига тайёргарлик кўрдим, - дейди у. – Мактаб ва коллежни битирганимга анча йиллар бўлгани учун бир оз қийналдим. Лекин ўзим билмаган кўп маълумотларга эга бўлдим. Ўйлайманки, тестлардан етарлича балл тўплаб, сентябрь ойида университет остонасига талаба сифатида қадам қўяман.

Тест синовларига кириб кетган фарзандлари ортидан келган ота-оналар учун ҳам барча шароитлар яратилган бўлиб, улар тўғридан-тўғри имтихон жараёнларини кузатиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Асакалик Табассумхон Тоҳирова ўғлини қўллаб-қувватлаш учун келганлардан. Унинг айтишича, фарзанди бу йил тўртинчи маротаба ҳужжат топширган. Ўтган йиллар мобайнида билими етмагани учун бир йил давомида репетиторга қатнаган.

-Шароитлар ҳақида гапирадиган бўлсам, барчаси аъло даражада ташкилланган, - дейди Табассумхон Тоҳирова. - Аввалари ота-оналар учун бунақа салқинжойлар қилинмасди. Қуёшда қолиб кетардик. Ўтиргани ер тополмасдингиз. Ҳозир эса кўнглингиз яйрайди. Энг муҳими эса тест жараёнини кузатиб турибмиз. Адолат қарор топиши шу орқали бўладида.