Жамият

“ИМПЕРАТОРНИНГ ТУҒИЛИШИ” МУАЛЛИФИ 70 ЁШДА


17.06.2019   751

Дурбек Қўлдошев ўзининг насрий асарлари билан кўплаб адабиёт ихлосмандлари эътиборига тушган адиб. Унинг асарларида инсонийлик тараннум этилади.

Яқинда чоп этилган “Тафаккур – ақл қамрови” китобининг сўзбошисида “Дунёга келдингми, муносабатингни билдириб кет!”, деган алломаларнинг ҳикматига амал қилиб, ҳаётдан олган сабоқ ва мантиқий хулосаларини баён этганини билдирган. Дарҳақиқат, китобда ибратомуз ҳаётий хулосалар ўрин олган. Жумладан, муаллиф: “Барча соҳада шогирдлар улғайиб, узтозларининг қўлидан ишини олиб, уларга бироз енгиллик яратиб берадилар. Бу анъанадан фақат ижод аҳлигина мустасно”, дейди. Бугун 70 ёшни қоралаётган ижодкорнинг янада ғайрат-шижоат билан асарлар яратаётгани ҳам бунга мисол бўла олади.

У мамлакатимиз вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистонда ўтказилган турли анждуманларда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу билан ўзбек адабиёти тарғиботига муносиб улуш қўшяпти. Қирғизистонлик ижодкорларнинг адабий гурунгдаги иштироки ҳам бежизга эмас.

Ёзувчи “Императорнинг туғилиши” асарида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик даврини акс эттирган. Тарихий ва бадиий аҳамиятга эга мазкур асар ўқувчиларга манзур бўлмоқда.

Гурунгда сўзга чиққан шоир ва ёзувчилар, олимлар, адибнинг мухлислари Дурбек Қўлдошевнинг ижодий фаолиятига баҳо бериш билан бирга унинг янги китоби ҳақида ўз муносабатларини билдирдилар. Ташкилотчилар ва меҳмонлар юбилярга эсдалик совғалари топширдилар.

М. ТЎХТАНАЗАРОВ.