Андижон 24

«ИККИ МАРТА БОМБАРДИМОН ОСТИДА ҚОЛГАНМАН...»


07.05.2020   991

Бу гаплар афғон уруши қатнашчиси бўлган Эргашбой Шарафудиновнинг уруш хотираларидан. Ризқи-насибаси бор экан мана шундай ёруғ кунларга етиб келди. Ҳозирда “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг “Шаҳрихонтумангаз” филиалида суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича етакчи муҳандис лавозимида меҳнат қилаётган Эргашбой ака мана 37 йилдирки тумангаз идорасида турли лавозимларда меҳнат қилиб келмоқда.

Эргашбой Шарафудинов:

“Ўзим туманнинг “Бешариқ” маҳалласида туғилиб ўсганман. Оилада 5 ўғил ва 2 қиз эдик. Ота-онам бизни ҳалол ўстириб, вояга етказдилар. Пешонада Афғонга бориб хизматни ўташ бор экан, шуни ҳам кўрдик. Армия хизматига, айнан Афғон урушига туманимиздан 19 киши кетганди. 9 киши эсон-омон қайтиб келибмиз, қолган 10 кишини эса темир тобути келди, холос.”

Қаҳрамонимиз 1981-1983 йилларда Шиндант, Кобул, Қандаҳор каби шаҳарларда алоқа таъминотчиси сифатида хизмат қилди. Асосий вазифаси ўзи хизмат қилаётган авиация батальонини Москва, Тошкент шаҳарларидаги раҳбарлар билан боғлаш, алоқа хавфсизлигини таъминлаш эди. У хизмат бурчини виждонан бажарди. Бомбардимон қилишганда 2 марта турли даражадаги жароҳатлар билан даволаниб чиқди.

Эргашбой Шарафудинов:

“Ҳисобласам 800 кунга яқин жангу жадалларда кун кўрибман. Урушдан қайтгача уруш азоблари мени ҳам қийнаган. Алаҳсирашлар, тушдаги ҳолатлар, бақириб уйғонишлар. Буларнинг бари ҳар бир уруш кўрган жангчида кузатилади. Хизматдан келибоқ тумангазга ишга кирган бўлсам, орадан 2 йил ўтиб уйландим. Аёлим уй бекаси. 4 нафар қизимизни бари уй-жойли бўлиб, ўз эгаларини топишган. 11 нафар неварам бор. Келгуси режалар эса набираларни ҳам тўйларини кўриш...”

Бугун “Шаҳрихонтумангаз” филиалида кўпчилик устозига айланган Эргашбой Шарафудинов шогирдлари ва ҳамкасбларига уруш хотиралари, ҳаётда кўрган қийинчиликлари ва сабр ила етган мана шундай шукроналик кунлари ҳақида кўп гапириб беради. Зеро, бугунги ёшлар ҳам тинчликнинг қадрига етсин, дейди.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати