ЖАМИЯТ

Икки ғилдиракли «ҳамроҳ»: …йилда бир Андижон шаҳрида транспорт воситаси сифатида велосипеддан фойдаланайлик.


01.03.2018   1249

  • Ана шунда кайфиятингиз кўтарилади, юрагингиз яшнаб кетади. Велосипед миниш билан, аввало, саломатлигингизни мустаҳкамлайсиз. «Икки ғилдиракли от»дан фойдалансангиз, ҳавонинг тозалигини сақлашга ҳисса қўшган бўласиз. Валеолог олим, профессор Убайдулло Жаҳонгировнинг таъкидлашича, инсон бир кунда 8-10 километр пиёда ёки 20-30 километр велосипедда юриши керак экан. Бу, юрак ва ўпка фаолиятини яхшилаб, гипоксия яъни кислород етишмаслигининг олдини оларкан. Тошкентда патронаж ҳамшираларнинг велосипедлар билан таъминланиши соғлом турмуш тарғиботи бўлди. Шундай тажриба вилоятимизда ҳам қўлланса, яхши бўлади. Келинг, бир ойда, ҳа, майли, ҳозирча йилда бир Андижон шаҳрида транспорт воситаси сифатида велосипеддан фойдаланайлик. Тўғри, бу анчагина муаммоли масала. Аммо афзаллиги, фойдали томонлари бисёр. – Битта автомобиль 40 литр бензин сарфласа, атмосферага 0,010 кг., суюлтирилган газ сарфласа, 0,001 кг. зарарли ташламалар чиқаради, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг бўлим мудири Азаматжон Маликов. – Вилоятимизда эса автомобиллар умумий сони 180 мингдан ортиб кетди. Йўлларда транспорт воситаларининг тирбандликлари масалани янада ўткирлаштирмоқда. Агар шаҳарда велосипед шинавандалари кескин ортиб кетса, бу масалани ҳал этиш йўллари мавжуд. Аҳолиси бир ярим миллиарддан ортган Хитой ва бошқа бир қанча давлатларда аллақачон унинг ечими топилган. Жойларда велосипеддан фойдаланиш учун ижара бекатлари ташкил этилган. Хоҳлаган киши икки ғилдиракли «дўсти» билан ўз манзилига етиб олгач, уни ўша ердаги бекатга топширади. Бундай бизнес яхши даромад манбаи ҳамдир. Тадбиркор велосипедларни лизинг йўли билан ҳам олиши мумкин. Йўлимизни яқин қилувчи, кайфиятимизни кўтарувчи, саломатлигимизни мустаҳкамловчи, экологиянинг яхшиланишига хизмат қилувчи оддий транспорт воситасидан унумли фойдаланишни оммалаштириш айни муддао. Тўлқин СиддиҚ. «Андижоннома» мухбири.