Андижон 24

ИИВ ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ БОШ БОШҚАРМАСИ МУЛЬТИМЕДИА МАРКАЗИГА ЭГА БЎЛДИ (ФОТО)


02.02.2020   1900

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ўзининг янги «Мультимедиа маркази»га эга бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Марказнинг очилиш маросимида Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икрамов, Республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Олим Саидов ҳамда тизимда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий ходимлар иштирок этди.

Азизбек Икрамов мазкур марказ очилишидан кўзланган мақсадга изоҳ берар экан, «ОАВ билан мунтазам мулоқот ўтказиш мақсадида, янги инновацион ғоялар билан ташкил қилганмиз бу марказни. Биз энди сизлар билан кўприк қурамиз, деворларни ҳаммасини бузамиз. Энди доим шундай бўлади», — деди.






Мультимедиа маркази ташкил этилиши орқали Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимидаги ислоҳотларни ОАВда профессионал тарзда ёритишни таъминлаш кўзда тутилган.

Марказ замонавий технологиялар ва креатив ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ахборот-таҳлилий медиа материалларни тайёрлашга ихтисослашган. Бу ерда аудио ва видеороликлар, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажлар тайёрланиб, эфирга, интернет тармоғига узатилади.

Ҳар бир медиа материалнинг долзарблиги, ҳуқуқий жараёнлар ва давр талабига мослиги ҳамда юқори савияда бўлиши талаби қўйилган.

Марказ фаолияти негизида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига оид эълон қилинаётган ахборотлар таҳлилига асосан, нотўғри, асосланмаган маълумотларга ўз вақтида жавоб бериш ҳам кўзда тутилади. Жараёнда мавжуд ҳолат таҳлилий ўрганилиб, шу асосда расмий маълумот берилади.

Янги марказ раҳбарият, техника ва жиҳозлар, ахборот хизмати ходимлари, овоз ёзиш студияси, тасвирга олиш ва узатиш студияси, интернет сайтлари билан ишлаш, мажлислар зали, тизимда хизмат қилган фахрийлар билан учрашиш, жамоатчилик кенгаши каби бир неча хоналардан таркиб топган.

Манба: Daryo.uz