Бугуннинг гапи

ИИБ ХОДИМИНИ ЎЛДИРГАНЛИКДА АЙБЛАНАЁТГАН ШАХСЛАРГА НИСБАТАН СУД ИШИ БОШЛАНДИ


25.03.2019   3527

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида Избоскан тумани ИИБ жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили Илҳомжон Ҳайдаров ўлимида гумонланаётган уч кишига нисбатан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда суд жараёнида иштирок этган auz.uz мухбирлари хабар бермоқда.

Уларнинг хабар беришича вилоят суди судьяси Улуғбек Каримов раислигида ўтаётган суд мажлисида судланувчилар А.Ж., С.Ж. ва З.Қ.ларга нисбатан Жиноят Кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») 2-қисмининг «г», «ж», «л», «п» бандлари, 109-моддаси (“Қасддан баданга енгил шикаст етказиш”) 2-қисми, 219-моддаси («Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш ») 2-қисми билан айбланиб жиноят иши кўрилаётгани эълон қилинди.

Суд раиси давлат айбловчиси, ҳимоячи, судланувчилар, жабраланувчилар, гувоҳларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб ўтди.

Суд жараёни давом этмоқда. Суд айбланувчилар тергов давомида бир-бирига қарама қарши кўрсатмаларни берганлиги сабабли, қонун доирасида ҳар бирига алоҳида ҳимоячи йўллашни сўраб, 27 март санасигача танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Фожиа 2018 йил 22 ноябрь куни соат 02:00 ларда Избоскан тумани «Юқори Чувама» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида юз берган. Шу куни Илҳомжон Ҳайдаров ҳамкасби С. Я. билан бирга хизмат олиб бораётган вақтида бир гуруҳ фуқароларнинг шахсини аниқлаш мақсадида тўхтатганларида улар томонидан қаршиликка дуч келган. Қонуний талабга бўйсунмаганлардан бири А.Ж. фаол қаршилик кўрсатиб, телефон орқали укаси С.Ж. ва жияни З.Қ.ни ҳодиса жойига чақириб, улар билан бирга С.Я. ва Илҳом Ҳайдаровни калтаклайди. Муштлашув оқибатида икки ходим шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган шошилинч тиббий ёрдамга қарамасдан оғир жароҳат олган Илҳомжон шифохонада вафот этган эди.

Аввал хабар берганимиздек, Илҳомжон Ҳайдаров 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январдаги Фармони билан вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.