Андижон 24

Иддао хусусида: ИЛЛАТГА ИЛАШИШНИНГ ХУНУК ОҚИБАТИ


12.05.2019   2791

“Озодлик” радиосининг интернет ижтимоий тармоғида эълон қилинган “Андижонлик йигит орган ходимларининг қийноғидан сўнг ўзини осганлиги иддао килинди” сарлавҳали мақоласи анча шов-шув қўзғатди. Андижон шаҳрида яшовчи 33 ёшли Бекзодбек Юнусовнинг жасади у яшайдиган хонадоннинг омборхонасидан топилган. Марҳум ноқонуний дорилар (психотроп) савдоси билан шуғулланиб, ички ишлар идорасига олиб келинган, ундан тушунтириш хати олингач, қўйиб юборилган. Б.Юнусовнинг яқинлари, яъни укаси, синглиси “акамни қийнашган, шунинг учун у ўзини осган”, деган иддао қилишганлигини “Озодлик” суриштириб-нетиб ўтирмасдан оммага ҳавола қилиб юборди.

Аввало, аза, мусибатмҳаммадан йироқ бўлсин, дейдилар. Жигарининг ўлимини кўрганда ҳар қандай яқинлари довдираб қолишлари, сабабини излашлари аниқ. Куйиб турган одам куйганидан гапиради.

Бекзодбек Юнусов ким эди?

Нега у ички ишлар идорасига келтирилди?

2019 йил 4 май куни Андижон шаҳрида психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш юзасидан назорат тадбири ўтказилди. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган қарори мавжуд.Унга кўра, дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш режалари тасдиқланган.

4 май куни ана шундай назорат иши бошланганида Андижон шаҳрининг Б.Раҳимов кўчасидаги “Замин” ошхонаси олдида ўзини Асака тумани фуқароси деб таништирган М.Ҳайдарова билан мулоқот қилинди. Бу аёлнинг турмуш ўртоғи 2002 йилда асаб касалликларига чалинган. “Фенезепам” дорисидан ичмаса туролмайдиган бўлиб қолган. Бу дори психотроп дори воситалари рўйхатига киритилган бўлиб, дорихоналарда рухсатнома билангина сотилади. Иши тезроқ битишини ўйлаган аёл “Замин” ошхонаси атрофида Б.Юнусовдан бир қути, яъни 10 дона “Фенезепам” сотиб олаётганида қўлга тушди. У Б.Юнусовнинг синглиси Гулноза Хайитбоевани ҳам танир экан, уйига ҳам борган, ўша бир қути учун 40 минг сўм бўнак (аванс) ташлаб кетган.

Б.Юнусов 2019 йил 3 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳри судининг ҳукмига кўра, 4 йил 9 ой 18 кун озодликдан чеклаш жазосига маҳкум этилган эди. У ЖКнинг 273-моддаси, 5-қисми билан айбдор деб топилган. ЖКда бу модда “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш” деб тавсифланади. Ҳуқуқшунослар яхши биладиларки, бу моддада нафақат озодликдан чеклаш, балки жиноят салмоғига қараб 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам белгиланган. Демак, бундай жиноятга асло беписанд ва лоқайд қарамаслик шарт эди.

“Озодлик” иддаосида “синглисига қарши кўрсатма беришга мажбурлашган” деган таҳминий гап айтиладики, бу мантиққа тўғри келмайди. Негаки, сингил озодликдан чеклаш жазосига маҳкум этилган, жазо тартибини бузиб, вилоятдан ташқарига чиқиб кетган, унга бунинг учун шундоқ ҳам чора кўриш керак.

Марҳумнинг бу синглиси Гулноза Ҳайитбоеванинг турмуши бузилган. Норасида икки фарзанднинг онаси бўла туриб, 2018 йилда айнан шу модда билан жазо олган, яъни 2 йил синов муддатини ўтаётган аёл экан. Яна бир сингил –Шаҳзода Юнусова ҳам 2019 йил январь ойида ўша 273-модда билан айбдор деб топилган ва унга 4 йил муддат озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Марҳумнинг укаси Жавлон 2010 йилда ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) билан жазо олиб, беш ярим йил “ўтириб” чиққан. Устига-устак у 2016 йилда ЖКнинг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки яшириш) билан яна жазога маҳкум этилган.

Шу фарзандларни дунёга келтирган, оёққа турғазган она – Фарида Юнусова беш марта суднинг қора курсисидан жой олди. У ҳозир турмада. Бундан беш йил илгари (эвоҳ, дейсиз!) яна ўша машъум 273-модданинг5-қисми билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мана, бугун оҳу фиғон тутуни осмонга кўтарилаётган оиланинг “таржимаи ҳоли”. Ногаҳоний ўлим сабабларини хонадондаги жиноятга мойил муҳитдан излаш жоиз эмасмикин? Ички ишлар идорасида суҳбат ўтказилганидан кейин Б.Юнусов қийноққа солинган, деган иддаога асос борми?

Ҳар қандай хабарда холислик бўлиши керак. Айниқса, мусибат тушган жойда айтилган гап одамларга ҳар-хил таъсир қилиши, ҳар-хил муносабат билдирилиши аён. Ёнаётган ўтга олов пуркашдан кўра, сабр-тоқат, вазминлик, эртани ўйлаб иш тутиш мақбул эмасми?

Тожали Шокиров

фахрий