Ижод гулшани

Ибратли ҳикоялар


04.07.2017   3099

КИМСАН АКАНИНГ ИБРАТИ

Кўпчилик ҳайрон. Бир қарич ер қўшса қувонадиган Кимсан аканинг феъли ўзгарди. Зўр ҳашамат билан тикланган уй деворини буздиришга тушди. Нима бўлди?

Бир пайтлар томорқам кенгаяди, деб ариқ саҳнини қўшиб, ташқари томондан пойдевор кўтарганди. Вақти келиб, Кимсан акага инсоф берди. Кеч бўлса ҳам хатосини тузатишга киришди.

–Нафс кўйида кўпчиликнинг мулки бўлган ариқни ичкарида қолдириб, девор қилганимдан афсусдаман, –деди Кимсан ака сўраганларга. –Ноўрин ишни тўғрилаб қўймасам, кўнглим тинчимайди.

Яқинда имомнинг маърузасини эшитдим. Унинг айтишича, рухсатсиз қўшиб олинган ер қиёматда ғирром кишининг бўйнига тавқи лаънат каби осиб қўйиларкан. Кафтдай жойни, деб бу дунёдан инсофсиз, у дунёда имонсиз деган ном олманами.

Кимсан аканинг ибрати бошқаларга ҳам дарс бўлди. Ташқаридан ер қўшганлар деворларини ичкарига олишди. Маҳалла кўчаси кенгайиб, кўнгиллар равшан тортди.

ЯХШИНИНГ МЕҲНАТИ

Турсунбой дўхтирнинг дарвозахонасию кўчаси эрта тонгда супурилиб, сув сепилади. Қизлари ўқишда, аёли хаста, ҳойнахой дўхтирнинг ўзи кўча-кўйга қараса керак. Кўпчилик шу ўйда.

Бир куни кўчадан ўтаётганлар ҳақиқий холатдан воқиф бўлишди.

Турсунбой дўхтирнинг қўшниси келин олганди. Келинчак ўзларию қўни-қўшниларнинг дарвозаси сахнини супуриб, сув сепаётганди. Бу ҳар куни канда бўлмайди.

Гўзал аҳлоқ ва яхши тарбия зийнати кўчага ҳам файз бағишлабди-я, дейишди ҳамқишлоқлари хурсанд бўлишиб.

САБР МУКОФОТИ

Алижон тонгда кўча айланади. Тоза ҳавода кайфияти хуш бўлади. Суви тўлиб оқаётган ариқни кўрдию ҳаваси келди. Енг шимариб, ҳовлисидаги экинзорни суғориш учун ариққа дамба ташлади. Сув кўндаланг томонга оқди. Уйга қайтаётган Алижонга қўшниси рўбарў келди.

–Сувни сиз очдингизми?

–Экинларни суғориб қўяй дегандим, –жавоб қилди Алижон.

–Сув уйимиз пойдеворига етяпти, –дея қўшни иддаога ўтди. –Бунақада иморат нурайди. Сувни димламасликка келишгандик.

–Даҳанимиз баланд. Оз сув юрмайди, –деди Алижон босиқлик билан.

–Томорқани пастлатиш керак-да, овозини баландлатди қўшни Қудрат ака.

–Еримизнинг баланд-пастлиги риволадагидек. –Қувурнинг нишоби чатоқроқ, –деб Алижон уйига юрди.

Эгатларга сув тараётганида ҳам қўшнисининг гаплари Алижоннинг қулоғида жаранглади. “Иморатга путур етади”, дейди. Сув ариқдан тошгани йўқ. Ариқни хашар қилиб чопган бўлсак. “Энди кўчадаги ариққа хўжайинчилик қилишингиз қолувдими” дегиси келдию, инсоф тилади. Қўшни ҳам кўнглидагини айтди-қўйди, тасалли берди ўзига.

Алижон кўп ўтмай кичик томорқасини суғориб, бошқа ишлар билан банд бўлди. Вақт ўтиб, кун ботганини ҳам сезмай қолди. Кечки салқин тушганида дарвозада кимдир чақириб овоз берди. Алижон пешвоз чиқди. Кираверишда қўшни Қудрат аканинг ўғли – Орзубек билан кўришди.

–Ўригимиз пишди. Татинглар, деб дадам сизларга илинди.

Қуёшда етилган қантак ўрик идишда янада ёқимли кўринди.

–Раҳмат, қани Орзубек ичкарига киринг, –деди Алижон меҳрибонлик билан.

Орзубек изн сўраб, ортга қайтди.

Идиш тўла ўрикни узатаётиб Алижон аёлига ёрилди.

–Қара, ҳали сув очаётиб, қўшнининг қилиғидан, қитмири гапларидан аччиқлангандим. Қаттиқ гапирмоқчи бўлдиму, лекин ўзимга сабр тиладим. Сабрнинг мукофотини олдим. Қўшнилар ўрикни бизга илиниши шундан. Аччиқ келганда ақл билан иш тутишнинг, сабр якуни мукофотли бўлиши қандай яхши.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.