Жамият

Хусусий мактабгача таълим: «Билимдонлар дунёси» - келажакнинг нидоси


18.01.2018   221

Балиқчи туманида «Болалар дунёси» нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини бошлаганига кўп бўлмади. Шундай бўлса-да, айни пайтда 3 та гуруҳда 60 нафарга яқин болажонлар тарбияланмоқда. Муассаса маъмуриятига фарзандларини қабул қилишини сўраб яна ўттиз нафарга яқин ота-она навбатда турибди.

Бинога киришингиз билан чинакам эртаклар мамлакатига ташриф буюргандек бўласиз. Кайфиятингиз кўтарилиб, ҳавасингиз ортади. Яна болалик дамларига қайтиш орзуси туғилади.

Муассасада тиббий кўрикка алоҳида эътибор қаратилади. Эрта тонгдан шифокор томонидан болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, кундалик дафтарга қайд қилиб борилади. Хоналарнинг ўзгача безатилгани, маънавият бурчаги буюк аждодларимизнинг сурати ва асарлари билан тўлдирилганлиги, кичик кутубхонадаги эртак китоблар болажонларнинг қизиқишини орттирмоқда. Қисқа муддат ичида рус ва инглиз тилларида ёдлаган шеърларини тинглар экансиз, тарбиячиларнинг маҳоратига қойил қолмай иложингиз йўқ.

Туманннинг чекка ҳудудлари ҳисобланган Бўстон, Хўжаобод, Мирзааҳмедов, Ўрмонбек қишлоқларидан, хатто Улуғнор, Шаҳрихон, Олтинкўл туманларидан фарзандларини олиб келаётган ота-оналар ҳам фарзандлари олаётган билимлардан хурсанд.

- Маҳалламиз атрофида 2та мактабгача таълим муассасаси бор, бола кўплигидан набираларимни қабул қилиши учун кўпчилик қатори навбатда турардим - дейди Оққўрғон маҳалласида яшовчи Иброҳимжон Аҳмаджонов. - “Болалар дунёси”нинг очилиши бизга айни муддао бўлди. Бу ерга ҳар куни 5 нафар набирамни олиб келаман. Уларнинг қизиқишини, боғчага талпинишини кўриб қувонаман. Шундай таълим муассасаларини фаолиятини йўлга қўйиш таклифи билан чиққан ва уларга кенг имкониятлар яратиб бераётган Юртбошимизга раҳмат!

Ушбу таълим муассаса ташкилотчиси асли касби иқтисодчи бўлган, узоқ йиллар турли корхона ва ташкилотларда ишлаган Дилфуза Саримсоқовадир. Бир неча йиллар турмуш ўртоғи ва ака-укаларининг тадбиркорлик ишларига яқиндан ёрдам бериб келган Дилфуза опа ўтган йили ўз фаолиятини бошлашга аҳд қилди. Дастлаб деҳқон бозори атрофида гўзаллик салони, чевархона, аёллар сартарошхонасини йўлга қўйди. 8 нафар ишчи ўрнини яратди. Фаолиятида турли тўсқинликларга дуч келса-да, уларни енгишга ҳаракат қилди. Ўз ишини янада кенгайтириш пайига тушди.

Унинг мақсадини англаган ҳамкасби Абдумалик Сатимов ўзига тегишли бўлган, анчадан буён фойдаланилмаётган бинодан фойдаланишни тавсия қилди.

Бинога тўланадиган ижара ҳақидан воз кечишини, унинг ўрнига ана шу маблағ ҳисобига болажонлар учун ўйинчоқлар, ўқув қуроллари олиши лозимлигини айтди. Келажак авлод тарбиясига бефарқ эмаслигини билдириб, ҳаттоки бинонинг капитал таъмирлашда ҳам кўмаклашди. Қувонарлиси 18 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчиларидир.

-Аввалига 7-10 нафар бола қабул қилдик, - дейди Дилфуза опа Саримсоқова. – Ўтган ҳафтадан тарбияланувчиларимиз сони кескин ошди. Бундай бўлишини кутмагандим. Президентимиз мактабгача таълим тизимига бежиз алоҳида эътиборини қаратмаётганлигини энди тушундим. Келгусида муассасамизни янада кенгайтириб, бола қамровини оширмоқчимиз. Яратилаётган имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига ота-оналар ва ўз номимдан миннатдорчилик билдираман.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.

Муаллиф олган сурат.