Андижон 24

ХУШХАБАР: Юртимизга Рамазон кириб келди! РАҲМАТ ВА МАҒФИРАТ ОЙИ МУБОРАК БЎЛСИН!


22.04.2020   4112

Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний қадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир.Бу ойда тутиладиган рўза амали ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишигахизмат қилади. Бу фазилатларга эга бўлганлар эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади.

Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардантозалайди. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шоядки, (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Маълумки, ҳамма амалларга риё аралашиши мумкин. Лекин рўзада бундай бўлмайди: тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилинади, кундузи эса ҳамма қатори юрилаверади. Чунки, бу – Аллоҳ билан банда ўртасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор бирор нарса емайди. Ана шулар – рўза Аллоҳ учун тутилиши белгисидир. Шунинг учун ҳам мазкур ибодатнинг мукофотини Яратганнинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман,” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Саҳл розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна бундай деганлар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, уни Раййон, деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани,” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).

“Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан Баёнот берилди. Бугунги кунда дунё бўйлаб жумладан, Ўзбекистонимизда ҳам коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинди. Шу муносабат билан халқимиз Рамазон ойи рўзаси, ифторликлар, таровиҳ намозларини уйларида адо қилишлари кераклиги тушунтирилди. Савобдан умидвор бўлган саховатпеша инсонлар ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини жойлардаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказишлари аъло эканлиги билдирилди.

Иншааллоҳ, бу синовлар ҳам ўтиб кетади. Муборак ойнинг шарофатидан Аллоҳ таоло коронавирус балосини бутун дунёдан даф этсин. Юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин! Бандаларнинг гуноҳларини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин!

Рамазони шариф барчангизга муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Андижон вилояти вакиллиги.