Хорижда

Хуррак отиш хавфлими?


05.02.2018   254

Квинсленд университети (Австралия) профессори Элизабет Коулсон бошчилигидаги олимлар гуруҳи хуррак билан ақли заифлик ўртасида боғлиқлик топди, деб ёзади РИА Новости.

Маълум бўлишича, апноэ касаллиги (уйқу вақтида нафас олиш мувозанати бузилиши ва хуррак отиш каби аломатлари бор хасталик) организмда кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради. Оқибатда бош миядаги диққатни жамловчи ва зеҳнга жавоб берувчи ҳужайраларнинг нобуд бўлиши рўй беради.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, агар апноэ ўз вақтида бартараф этилмаса, йилллар ўтиб инсон ақли заиф бўлиб қолиши аниқ. Хуррак отиш жараёнида ўпкада ҳаво айланишини 10 сонияга тўхтаб қолади. Бу ҳолат тез-тез такрорланиши оқибатида эса беморда ланжлик ва доимий чарчоқ ҳисси кучайиб боради. Хотира ҳам заифлашади.

Эндиликда университет олимлари тадқиқотни 55-75 ёшдаги кишилар ўртасида ҳам ўтказмоқчи. Мақсад - хуррак ва ақли заифлик ўртасидаги боғлиқликни янада чуқурроқ ўрганишдан иборат.