ЖАМИЯТ

Хотира ва Қадрлаш куни олдидан: «ҚОВУН ЭККАНИ» КЕТИБ...


28.04.2021   3586

Инсоният бошига катта талофат солган иккинчи жаҳон урушида етти минг нафардан зиёд избосканликмард ўғлон немис фашистларига қарши жангу жадалларда иштирок этишди. Уларнинг деярли ярмидан кўпига она юртини қайта кўриш насиб қилмади. Икки минг нафари ногирон бўлиб, уйларига қайтишди.

Чўнгбоғишлик Ҳайдарали ва Абаралиларга ҳарбий хизматга чақирув қоғози келганда ака-укалар Катта Фарғона канали қурилишида минглаб ҳашарчилар қатори астойдил тер тўкишаётган эди. Улар оналарининг ташвиш инган нигоҳига қарамасликка интилишиб, тасалли берган бўлишди: “Онажон, биз Мирзачўлгақовун эккани борарканмиз. Ҳадемай сизга ҳамикки-уч арава қовун олиб келамиз”.

Соддадил онаизор норғул келбатли, суяги деҳқончиликда қотган ўғлонларининг гапларига ишонишни ҳам, ишонмасликни билмай, қўлидаги ёғли патирни ирим қилиб тишлатиб қўйишдан бошқа чора тополмади. Орадан икки йил ўтиб, машъум уруш бошландию Гулсум момонинг жони минг азобда қолди. Кейинчалик улардан хат олгач, кўпга келган қисмат болаларини ҳам четлаб ўтмаганини билди.

Беш йилга чўзилиб, ҳаммани тинкасиниқуритган уруш ниҳоясига етди. Олис Оврўпо жангоҳларидан ҳамқишлоқлар бирин-кетин қайта бошлади. Аммо Гулсум момо Маниёзбой қизининг аскар ўғлонлари... бедараклар рўйхатида мангуликка бош қўйишди. Онаизор фарзандларини умрининг сўнгги дамларига орзиқиб кутди. Соғинганда болалари экиб кетган анорларни қучоқлади, ётган бешикларини ҳидлади, қуроқ дўппиларини бағрига босди, номаълум аскар ҳайкали пойига бориб совуқ тошларга бошини қўйди... Айниқса, қишлоқ узра бирон бир самолёт кўринганда унинг бор вужуди қулоққа айланарди. “Эҳтимол у болаларимдан хат олиб келаётгандир”, деган умидда хира тортган кўзларини осмонга қадарди. Алёр, лапарлар айтишнинг хадисини олган момо қоқсуяк қўлларини илтижо-ла кўтарган кўйи қўни-қўшниларига деярли ёд бўлиб кетган ноласини бошларди:

Самолўт, ҳув самолўт,

Қанотингни пастлаб ўт.

Болаларим соғиндим,

Улар хатин ташлаб ўт!

Абаржоним қайдасиз?

Ҳайдаржоним қайдасиз?

Соғиниб адо бўлдим,

Уйга қачон қайтасиз?

Гулсум момоикки ўғлони биргаликда эккан туятиш анорлар пишган кезда – 1953 йилнинг кузида, тўқсон ёшида ёруғ оламни тарк этди. Ҳозир у яшаганБирлашган маҳалласидаги файзли хонадонда ўша анорлар ҳали-ҳануз мева бериб турибди...

СОҒИНГАН ЧОҒИМДА БЎЙЛАРИНГИЗНИ...

(Фарзандлари Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбек Онасининг кўнгил кечинмалари)

Бугун яна сизни кўрдим тушимда:

Намоён бўлганди ёшлик чоғингиз...

Ажаб, ҳаммаёқда қор бўлса ҳамки,

Гулга тўла эмиш кенг қучоғингиз.

“Бизлар келдик, онажон!” дедингиз аста,

Энтикиб сиз томон чўздим қўлимни.

Бағримга бир босиб тўяй дегандим,

Эвоҳ, қора булут тўсди йўлимни!..

Мана, неча йилки интизор бўлиб,

Тилпора дилимга дардим ютарман.

Фронт йўлларига кўзларим муштоқ,

Болаларим, сизни зор-зор кутарман.

Уйимиз тўрида ҳамон сукутда,

Ризқу насибангиз – кемтик патир нон.

Қулоғим остидан кетмас сўзингиз:

“Насиб қилса келиб еймиз, онажон”.

Тишланган ўшал нон – умидвор кўнглим,

У билан сирлашдим қаро кечалар.

Ёзиғлиқ дастурхон узра жим қотди,

Сизларга аталган минглаб кулчалар.

Сиздан сўнгги ёдгор – учбурчак хатлар.

Ҳар сатри қалбимнинг туганмас доғи.

“Ғалаба-ла қайтамиз икковлон бирга”,

Ҳамон ёниб турар умид чироғи.

Неча йиллардирки шу умид бирла,

Айрилиқ кунларга берарман сайқал.

Соғинган чоғимда бўйларингизни,

Борар жойим бўлди номсиз тош ҳайкал.

Сизларни кўргандай қучарман тошни,

Армону соғинчим ютганимча жим.

Бу фоний дунёда токи тирикман,

Доим қалбимдасиз, жигарбандларим!..

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.