ЖАМИЯТ

Хотира: «ҲАЛОЛ ЯШАШ – БУЮК БАХТ»


08.05.2020   3217

Кимё опа билан анча яқинмиз. Бутун умрини тиббиётга, хусусан тиббиёт ходимлари меҳнатини муҳофаза қилишга баҳшида этган жонсарак аёлнинг ажойиб фазилати бор. Бу унинг ота-онасига нисбатан чексиз муҳаббати ва ҳурматидир. Кимё опа Наимова аллақачон набира чевараларининг меҳрибон бувижонисига айланганига қарамай ҳануз ярим аср аҳил ва иноқ умргузаронлик қилган падари ва волидаси ҳаётини соғинч билан эслайди, ўз зурриёдларига ибрат қилиб кўрсатди. Бу бежиз эмас, Тўхтасин ота Мадумаров билан Зулфия буви Абдуллаеваларнинг ҳаёти турмуш машаққатлари, қийинчиликлар билан ўтган бўлса-да, чинакам оилавий жасорат ва файзу барокатга бой эди.

Тўхтасин Мадумаров ўн саккиз ёшидаёқ фронтга отланади. Бу мард ва баҳодир йигит тез орада мангу қўшиққа айланган афсонавий “Катюша” қуролининг нишонга олувчиси сифатида полк ва двизияда танилди. Қуролдошлари бу қизиққан ўт- олов йигитни ниҳоятда эҳтиётлаб, ҳаётини сақлаб қолиш учун ғамхўрлик кўрсатишар эди. Чунки, унинг юрагида ёвдан эсанкираш, жангу-жадалларда ўзини йўқотиш, даҳшат ва тахликага тушиш қўрқуви йўқ эди.

– Тўхтасиннинг ўзи ўт, немиснинг танки эмас, юрагини ёндиради, – дер эди полкдошлари у ҳақда сўз очилганида.

Шундай йигит Кишенев шаҳри яқинидаги оғир жангдан сўнг бедарак йўқолади. Хаттоки, Молдованинг Фралентек шаҳарчасидаги хотира майдонига урушдан кейин унинг исм-шарифи ёзиб қўйилди. Аммо, бу бир англашилмовчилик эди. Қаҳрамонлар ўлмайди, деганларидек, Тўхтасин Европанинг қоқ марказидаги Руминия, Венгрия, Чехословакия, Австрия пойтахтларини немис-фашист газандаларидан озод этишда қатнашди. Ғалабани Яраслов Гашек ватани Прага шаҳрида кутиб олди. Ёш туриб дўзаҳ даҳшатини бошидан кечирган жасур жангчи тинчлик йиллари халқ хўжалигининг турли соҳаларида худди фронтдаги каби шиддат ва фидойилик билан меҳнат қилди.

У банк ва умумий овқатланиш тизимида, қурилиш соҳасида фаолият кўрсатди. Бир пайтлар Андижон шаҳрининг кўрки ва зийнати ҳисобланган “Олтин водий”, “Золотая долина” кошоналари қурилишида фаол қатнашди. Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида “Жасорат” медали билан тақдирланди.

– Дадам жиддий ва виқорли, орияти кучли инсон эди, – деб эслайди меҳнат фахрийси Кимё опа. – Шунга қарамай ўша “Жасорат” медали билан мукофотланган куни худди ёш йигитлардай севиниб, яйраб кетганини кўрганман. Нуқул “Биласанми, нега хурсандман, чунки бу озодлигимизнинг меваси, эркимизнинг туҳфаси, дея кўзига ёш олгани ҳамон кўз ўнгимда гавдаланади.

Уруш йиллари олган жароҳатлар, руҳий зўриқишлар отанинг саломатлигига таъсирини кўрсатмай қолмади. У ўн икки йил тўшакдан туролмади. Шундай оғир дамларда бутун оила аъзолари ўз табаррук оталари сиҳати, узоқ яшаши учун жон олиб, жон бериб ғамхўрлик кўрсатдилар, оқ ювиб, оқ тарадилар, ҳеч қачон ўкситиб қўймадилар. Отахон бундан 21 йил аввал ҳаётдан кўз юмди.

Умрининг охирига қадар фарзандларида юксак одоб ва ахлоқ, қадр-қиммат, меҳр-оқибат хислатларини шакллантиришга астойдил ҳаракат қилди. “Бахт ҳалолликда” деган миллий ғояни уларнинг қалбига сингдириб кетди.

Умида АБДУЛЛАЕВА