Андижон 24

ХОТИРА БОР ЭКАН – МИЛЛАТ БАРҲАЁТ


09.05.2021   6710

Айни пайтда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимизда тантанали тадбир бўлиб ўтмоқда. Маросимда давлат ва жамоатчилик вакиллари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, жанггоҳ ортида заҳмат чеккан нуронийлар, ёшлар вакиллари иштирок этишмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сана муносабати билан тадбир иштирокчиларини муборакбод этиб, ўзининг самимий тилакларини изҳор этди.

“Қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги бурчимизни чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз. Ўйлайманки, тарихчи олимларимиз, ижодкор-зиёлиларимиз, киночи ва рассомларимиз Ғалаба боғидаги ҳар бир мажмуа ҳақида янги-янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар яратиб, халқимизга тақдим этса, нур устига нур бўлар эди. Шу нуқтаиназардан қараганда, Иккинчи жаҳон урушидаги бор ҳақиқатни аниқлаш ва халқимизга етказиш, аждодлар хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак. Юртимиздаги ҳар бир қишлоқ, маҳалла ва таълим муассасаси, давлат ва нодавлат ташкилотлари, кенг жамоатчилигимиз уруш иштирокчиларига доир материалларни тўплашга ва тарғиб этишга масъул ва жавобгармиз”, деди Президент ўз маърузасида.

“Биз учун уруш ва меҳнат фахрийларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ўтганларнинг хотирасини абадийлаштириш доимо муқаддас вазифа бўлиб қолади. Байрам муносабати билан бу борада кўп ишлар амалга оширилди. Жумладан, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзоларини қутлаш, табрик ва совғалар топширишга бағишланган маросимлар тантанали вазиятда ўтказилди. Ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларининг уй-жойлари таъмирланди ва обод қилинди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатадиган, уларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган патронаж хизмати йўлга қўйилди”, деб қайд этди давлат раҳбари.

Тантанали маросимда андижонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда вилоят фаоллари ҳам “Кўҳинур” тантаналар саройидан онлайн студия орқали иштирок этишмоқда.

Байрам тадбири давом этмоқда.

«auz.uz» online гуруҳи.