ЖАМИЯТ

Хотира: АРМАНЛАРНИНГ ЎЗБЕГИ ЭДИ


21.04.2020   1763

17 апрель куни Россиянинг Новороссийск шаҳридан фахрий журналист Гарун Машуров оламдан ўтганлиги ҳақида нохуш хабар келди...

Вилоят маданият бошқармасида, радиоэшиттиришлар қўмитасида фаолият кўсатган, сўнгра узоқ йиллар тақдирини “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари билан боғлаган ижодкор аксариятимиз учун том маънодаги устоз эди.

Гарун Суренович 1947 йилнинг 27 июлида Қирғизистон пойтахти Фрунзе шаҳрида таваллуд топди. Андижонда вояга етиб, мактаб ва институтни тамомлади, оила қурди. Гарчи армани миллатига мансуб бўлсада, ўзбек тилини, урф-одатларимизни жуда яхши билар ва ҳурмат қилар эди.

Ундан нафақат қалам тебратишни ўргандик, балки инсонийлик илмидан сабоқ олганмиз. Ижодкорларга илҳом ҳамиша ҳам келавермайди. Шундай вазиятда Гарун аканинг хонасида бир пиёла чой ичиб, ҳамсуҳбат бўлиш ижодга қайтарарди. Боиси хасад, гина-қудуратдан йироқ, кўнгли тоза самимий инсон ўзгалар муваффақиятидан ҳам завқлана биларди. Шу билан бирга орияти кучли, бир сўзлилиги билан ҳам ажралиб турарди. Бошқа журналистлар ботинолмаган мавзуга дадил киришар, муаммонинг мантиқий ечимини топмагунича тинчимас эди.

Шу сабабли ҳам вилоятимиздаги миллатдошлари уни ўзига раҳбар қилиб сайлашганди. Гарун Суренович вилоят арман миллий маданий марказнинг асосчиси ва узоқ йиллик раҳбари бўлди. Она тилини унутаёзган миллатдошлари учун тўгарак ташкил қилди, адабиётлар олиб келинишини таъминлади. Ажойиб анъаналардан яна бири – якшанбада хаваскор футболчилар билан бирга “Халқлар дўстлиги” стадионида ўтказиладиган машғулотлар эди. Футбол орқали ёшларда нафақат стадионда, балки унинг ташқарисида ҳам аҳил жамоа бўлиб яшаш одати шакллантириларди.

Гарун Машуров дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшди. Кўплаб вилоят, республика ва халқаро танловлар ғолиби бўлган эди.

Таърифлаш жоиз бўлса, Гарун акани арманларнинг ўзбеги, дейиш мумкин. Оилапарвар ота икки ўғил ва бир қизни муносиб тарбиялади, қаторга қўшди, набиралар кўрди. Унинг ёрқин хотираси қалбларимизда узоқ сақланиб қолади.

«Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари,

«auz.uz» интернет сайти жамоалари.