Ижод гулшани

ХОТИН АКА (Ҳажвия)


21.11.2018   258

Қаранг, тушимда хотиним мени бошига кўтариб юрганмиш. Ҳайрият-э, қандай қилиб бизнинг хотин ҳам инсофга келиб қолибди, деб ўйлаб-ўйлаб ўйимга етмовдим ҳамки, чўчиб уйғониб кетдим. Кўзимни очсам, хотинимнинг оёғи остида ётибман. Оёғи менинг кўкрагимда турибди. Тавбангдан кетай, тушим ҳеч ўнгидан келмади келмади-да.

Хотинимнинг дағдағаси ўн чандон ортиқча.

– Кечаги маошнинг ярми қани, ростини айтасизми ёки шундоқ қилиб оғзингиздан жонингизни босиб чиқариб юборайми?! Тезроқ бўлинг, гапир! Шу норасидаларнинг ризқини қийгани қандай журъат этдингиз, этдинг-а!

У оғирини солиб оёғини қаттиқроқ босди.

“Жон ака хотин, тавба қилдим ака хотин”, дейман. Қани энди ҳовуридан тушиб, кўкрагимдаги оёғини сал кўтарадиган авзои бўлса. Ялина бошладим:

– 2 та тўйга, бир ўлимга, 2 та туғилган кунга ушлади. Фақат ўн сўмлик ичдим, холос. Қолгани ўша, – дедим нафасим бўғилиб.

– Хў, ўн сўмлик ичмай, меркоптапузни ичкур.

– Ҳе, ҳозир меркоптапозни ҳам пулга беради, таниш-билиш бўлмаса, уни ҳам тополмайсан, ака хотин, шу охиргиси. Энди ичмайман, жон ака хотин, оёғингизни олинг, нафасим қисилиб кетди.

Ялинмай иложим қанча. Эр, аниқроғи мен унга ёқдим. Бўлмаса менга турмушга чиққанида оғирлиги қирқ уч килограммли чикалтакдек нарса ҳозир тўқсон килограммга етиб, оғир вазнлилар группасидан мустаҳкам ўрин олиб турармиди! Аслида, бир ҳамшишам айтгандек, ўзи олтита болали бўлганимда ўзгариш-ўзгармаслигига қараб, кейин хотин билан никоҳдан ўтиш керак экан. Зўр фикр-а?! Ақлни аҳмоқдан ўрган, дегани шу-да! Бўлмаса яралганидан бери ароқдан бошқа нарсага жой бўлмаган калладан шунақа доно фикр чиқади, деб ким ўйлабди дейсиз.

Хотиннинг зил-замбир оёғи ҳамон кўкрагимни босиб турибди. Ака хотин устига, ака хотин, деб мингбор ялинганимдан сўнг сал бўшашди.

- Ҳа, майли, бу сафар ҳам кечираман. Аммо кейинги сафар ичишдан олдин ҳаётингизни страхование қилдириб олишни унутманг. Аяб ўтирмайман. Сабр-тоқатнинг ҳам чегараси бор. Тоқатим тоқ бўлди, жоним ҳалқумимга келди. Шундай босаман-у чиқариб юбораман жонингизни.

– Хўп, ака хотин!

Ҳайрият-э, кўкрагимдан оёғини олди.

Каллам қурсин. Нега мен хотинимни ака дейишимнинг сабабини сизларга айтмабман-ку! Воқеа байрам арафасида бўлганди...

Бир куни бош бухгалтеримиз Низомиддин акага «Уйда хотин йўқ, кўчада овқатланиб кетишга тўғри келади», дегандим, у киши: “Хотин бўлмаса жуда соз, бир ош дамлаймиз, мен ошни ўйнатиб юбораман», деб қолди. Мен жон деб рози бўлдим. Ишдан сўнг у киши сиз бориб тураверинг, мен ҳозир кетингиздан бораман, деди.

Мен уйга келиб сабзи-пиёз тўғраб турдим. Бир вақт Низомиддин ака кассир аёлни эргаштириб илжайиб кириб келяпти. Ҳайрон бўлдим. Хотинимнинг феълини биламан. Лекин қандай қилиб кассир аёлни чиқиб кетинг, дейман. Дамим ичимда, ўлганимнинг кунидан, келинглар, келинглар, дедим.

– Ҳа, шу Розахонга юринг, ош бор, десам, рози бўлганди, биргалашиб келавердик, – деди кулиб бошбух.

– Яхши келибсиз-да, – дедим. «Хотин йўқ-ку», ўйладим ичимда.

Ош дамланди. Озгина ичдик. Секин-секин икки-уч шиша бўшади. Кейин нима бўлганини билмайман. Бошбухнинг ичса кўнгли айнийдиган одати бор экан. Гиламу тўшакларни кўриб бўлмайди.

Бир пайт хотин келиб қолса бўладими! Йўқ, хотин эмас, эшикдан қафасдан қочган шер кириб келди, деяверинг. Ҳаммамиз соқов бўлиб қолдик. Ўйинга тушаётган кассир аёл бир қўли тепада, бир қўли кўксида ҳайкалдек қотиб қолди.

– Ҳа бир кун бўлмасам, ҳали шунақами? Қовоғим бекорга учмаган экан, – деди-ю хотиним кассирнинг нозик жойига бир тепди. У осмонга учиб кетдими, ерга кириб кетдими, зумда ғойиб бўлди. Мени чап қўлтиғимдан, бошбухни қулоғидан бураб кўтарди. Унинг оёғи ерга тегмади. Шу йўсинда икковимизнинг бошимизни бир-бирига уриштира бошлади. Индамай бир-икки уриштириб қўйиб юборса ҳам майли экан. Нима дейди денг:

– Икковингни хом каллангни қайнатиб пиширса ҳам битта ақлли калла чиқмайди-ю, қилган ишларингни қара-я.

Негадир бошбух ҳадеб: «Жон ака, қўйиб юборинг, қулоғим узилиб кетяпти, жон ака», дерди. Чамамда кайфи ошиб қолганиданми ё қўлининг кучлигиданми, бошбух хотинимни эркак киши деб ўйларди. Мен ҳам унга қўшилиб «Ака хотин, жон ака хотин», деб ёлвора бошладим. Ака деганим хуш ёқди шекилли, хотинжон бизнинг бошимизни янада қаттиқроқ уриштирарди. «Қаттиқроқ ака дейиш, номардлар», дерди хотиним. Мен бор овозим билан: «Ака хотин, жон ака хотин», бошбух эса «Жон ака», деб ёлворарди. Овозимизни қўни-қўшнилар ҳам эшитди. Қисқаси, пешоналаримизга гўё ёнғоқ ёпиштириб қўйганга ўхшарди. Мен уч кундан кейин, бошбух беш кундан кейин ишга бордик. Ўшанда ҳам бошбухнинг чап қулоғи бойлоғлик эди. Чунки унинг оёғи ерга тегмаганди-да.

Шундан бери хотин пўписа қилса, ака хотин, дейман. Менга-ку майли, ака дейманми тоға, почча дейманми, ҳар ҳолда ўзимнинг хотиним. Низомиддин акага ҳайронман. Ҳатто бошлиғимизга сир бермайдиган бошбух бизнинг ака хотинни кўрса, худди пионердек «честь» бериб туради денг. Демоқчиманки, сизнинг ҳам бошингизга хотинни ака дейдиган кун тушмасдан ичишни ташланг.

Тўхташ Ашуров

1989 йил.