Андижон 24

ХОРИЖГА ЧИҚИШ БИОМЕТРИК ПАСПОРТИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ


06.08.2022   2599

Президентнинг 16 июндаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига хорижга чиқиш биометрик паспортини беришга доир давлат хизмати кўрсатиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 августдан Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги консуллик муассасасида консуллик рўйхатида турувчи Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга оид давлат хизматларини кўрсатиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш тизими қуйидаги ахборот тизимларига интеграция қилинди:

«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига — никоҳ ва оила аъзолари, вафот этганлик, ёлғиз она ёки ёлғиз ота ҳақидаги маълумотларни олиш учун;

«Нотариус» ахборот тизимига — васийлар ва ота-оналарнинг розилигини, ҳамроҳлик қилувчи шахснинг мажбуриятини текшириш учун;

«Тезкор маълумотлар» ахборот тизимига — судланганлик, маъмурий назоратда турганлик, шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ва шартли ҳукм қўлланилганлик, жиноят иши қўзғатилганлик ҳолатларини текшириш учун;

«Манзил» ахборот тизимига — ота-онадан бирининг Ўзбекистон ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганлигини текшириш учун;

«Ягона миллий меҳнат тизими» ахборот тизимига — охирги 5 йилда ишлаган жойи ҳақидаги маълумотларни олиш учун;

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» тизимига — ушбу ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар тоифасига аниқлик киритиш учун;

«ТИЭК» ахборот тизимига — I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар тоифасига аниқлик киритиш учун.

Шунингдек, давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божи суммаси ҳисобини юритувчи ягона биллинг тизими орқали электрон тўланиши имконияти яратилади.

Акмалжон ДЖАЛИЛОВ,

Баликчи туман ИИБ М ва ФРБ бошлиғи