Андижон 24

ХОРИЖДАН ҚАЙТГАН АЁЛЛАР ТАДБИРКОРГА АЙЛАНДИ


20.06.2019   2160

Жалақудуқлик Сожидахон Отабоева бир неча йилдирки Россия давлатида ишлаб юрганди. Қўлида ҳунари бор, тажрибали чевар. Топиш-тутиши ёмон бўлмасада, ўзга юртда ишлаш унга кўп ҳам ёқмасди. Туғилган қишлоғида яшаб, меҳнат қилишни ҳамма нарсадан устун кўрарди.

Шу йилнинг бошида республикамизда тадбиркорларга яратилган қулайликлар хақида эшитиб, она юртига қайтди. Каттаполвон маҳалласида яшовчи хотин-қизларни ёнига олиб, “устоз-шогирд” йўналишида иш ўргатди. Ўз фабрикасини очишга қарор қилди.

-Излаган имконият топади. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида берилган 25 миллион сўм кредит менга қанот бўлди,-дейди С.Отабоева.- Ана шу маблағ ҳисобига 8 та тикув машинаси сотиб олдим. Бу фаолиятимизни бошлашимизга асос бўлди.

Чеварнинг яна бир ташаббуси эътиборли. Ўз маҳалласида яшовчи хорижий давлатларда юрган хотин-қизларни бирга ишлашга таклиф қилди. Чунки уларнинг дилидагини яхши билади. Гулзода Маткаримова ва Пўлатхон Юнусовалар биринчилар қаторида Жалақудуққа қайтди. Мусофирликни унутдилар.

Бир жамоа бўлган 10 нафар чевар махсус ишчи кийимлар тикишни танлади. Сифатга алоҳида эътибор қаратилгани сабаб, буюртмачилар сафи кенгаймоқда. Ўтган ойда 40 миллион сўмлик маҳсулот мижозларга етказиб берилди.

Тадбиркор лойиҳанинг навбатдаги босқичини ишга тушириш ҳаракатида. Корхонанинг кенгайтирилишибилан йил охирига қадар 100 та иш ўрни яратилади. Бу шунча оиланинг иқтисодини яхшиланишига хизмат қилади.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган сурат.