Жамият

ХОНОБОДДАН МЎЙНОҚ САРИ ҚАДАМ ТАШЛАНДИ


03.07.2019   1428

Инсон кўп нарсани англаши учун дунё кўриши, ўзгаришларга эш тутиниши лозим. Тошкентлик сайёҳ Соҳибжон Режабов ҳам ўз олдига ана шундай мақсад қўйди. Ўзбекистон бўйлаб пиёда сайр қилиш баробарида юртимизни ўрганиш, туризмнинг ривожланишига ҳисса қўшиш унинг орзуси. Андижон туманидаги “Темурбек жаннат диёри” фермер хўжалигининг сўлим дам олиш масканида тўхтагани сайёҳнинг дастлабки таассуротлари билан қизиқдик.

-Уч кун аввал Хонобод шаҳридан пиёда юришни бошладим,-дейди Соҳибжон Режабов.- Андижон хақида кўп эшитганман. Бу юртда биринчи бор бўлишим. Хонободнинг гўзал табиати ва тозалиги мени ўзига ром этди. Очиғи, андижонликларнинг меҳмондўстлиги, очиқкўнгиллигига гап йўқ. Мен кутгандан ҳам катта эътиборни кўриб адашмаганимни сездим. Кунига 30 км. йўл юришни режалаштирганман. Бу дегани яқин уч ойда 2200 км. масофани босиб ўтиб. Мўйноқда сафаримни якунлайман.

Тарихий жойларни кўриш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, буюк инсонлар суҳбатида бўлиш билан Ўзбекистонни янада чуқурроқ ўрганаман. Бугун спортчи бўлганим сабаб жаҳон миқёсида ўзига хос мактаб яратган Андижон бокс мактаби билан яқиндан танишиш ниятидаман. Қолаверса, Бобурийлар юртининг диққатга сазовор жойларини томоша қилмоқчиман.

Мен водийнинг гўзал табиати ўзига ром этганини такрор айтаман. Биргина мана шу фермер хўжалигининг даласи, етиштирилаётган тиллога тенг ҳосили ва оқар сувининг таърифини келтириш қийин. Бир сўз билан айтадиган бўсам, яхши инсонлар ва гўзал табиат менда катта таассурот қолдирди. Бу кайфият сафар давомида мени тарк этмаслиги аниқ.

Сайёҳ Соҳибжон Режабов билан тезкор суҳбатимизни сайтимизда кузатиб боринг.

«auz.uz» online гуруҳи.