Андижон 24

ХОНОБОДДА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШ СИФАТИ ОШИРИЛАДИ


03.09.2021   1405

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида қатор ижтимоий соҳа объектлари – мактаб ва маҳалла гузарлари, тадбиркорлик субъектлари фойдаланишга топширилмоқда. Аҳоли учун зарур шароит ва қулайликлар яратилиши ортидан давлат хизматлари кўрсатиш тизими ҳам четда қолмади.

Куни кеча бир вақтнинг ўзида 10 кишига, бир кунда 200 нафарга яқин фуқарога 150дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатиш имкониятига эга Хонобод шаҳар Давлат хизматлари маркази биноси фойдаланишга топширилди.

Бинонинг очилиш маросимида Давлат хизматлари агентлиги бошқармаси бошлиғи Отабек Бозаров ҳамда Хонобод шаҳар ҳокими Машъалбек Таджибаев сўзга чиқиб, тадбирга йиғилган шаҳар фуқаролари, кекса нуронийлар ҳамда ёшларни Республика Мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклашди.

Марказда 10 давлат хизмати кўрсатиш учун қабул ойнаси, электрон навбат, кутиш манзили, 3 та монитор, тўлов амалга ошириш учун касса, китоб жавони мижозлар хизматида.

Қайд этиш керак, марказда имкониятлари чекланган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир фуқарога — алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.

Давлат хизматлари марказида яратиб берилаётган бу каби шароитлар одамларнинг вақтини тежаш билан бирга, давлат хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланиш имконини беради.

ДХА вилоят бошқармаси

ахборот хизмати