Бугуннинг гапи

ХОНОБОД ШАҲРИ ВА ҚЎРҒОНТЕПА ТУМАНИ ЧЕГАРАЛАРИ ЎЗГАРИШИ МУМКИН


02.10.2019   471

Республика оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида қатор муҳим масалалар муҳокама этилган. Хусусан, депутатлар “Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарор лойиҳасини кўриб чиқишган.

Ҳозирги кунда Хонобод шаҳри ҳудуди кичиклиги сабабли, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш обьектларини барпо этишга етарлича имкон бермаяпти. Шу боис шаҳар чегараларини белгилаш ва кенгайтириш учун Хонобод шаҳрининг “Бош режаси”га мувофиқ, Қўрғонтепа туманининг Султонобод, Хонобод, Шароф Рашидов, Авазматов массивлари ўрамидан ҳамда туман захирасида бўлган ер майдонлардан жами 1284,6 гектар ер майдонлари Хонобод шаҳар захирасига қабул қилиниши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Хонобод шаҳрига 1972 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 41 минг кишини, умумий ер майдони эса, 23 километр квадратни ташкил этади. Қўрғонтепа туманига эса, 1929 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 210,7 минг кишини, умумий ер майдони 475,2 километр квадратни ташкил этади.

Хонобод шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда туризмни тараққий эттириш мақсадида шаҳар балансига ўтказиладиган Шароф Рашидоф массивидан “Lv Yuan Agriculture” хорижий корхонасига 127,0 гектар мевали боғлар ва полиз экинларига, 10,0 гектар ер майдонида замонавий “Аква парк” дам олиш масканлари қурилишига, иссиқхона ва тут плантациялари ташкил этиш, “Авазматов” массивидаги адирлик қисмида жойлашган бўш турган 130,0 гектар ер майдонига бодомзорлар барпо қилиш учун жами 277,0 гектар ер майдони ажратилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 9,0 млн. АҚШ доллар бўлиб, уларнинг амалга оширилиши натижасида 150 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, Хонобод шаҳрида 492,0 гектар ер майдонида дам олиш масканлари, меҳмонхона ва кемпинглар қурилиши, 21,0 гектар ер майдонида спорт иншоотлари, 145,36 гектар ер жойда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ва 324,2 гектар ерда бошқа зарур муҳандислик объектлари қурилишлари кўзда тутилмоқда.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши билан амалга оширилиши назарда тутилаётган лойиҳалар ва тадбирлар натижасида шаҳарнинг саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида барқарор ўсиш суръатлари ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий соҳа инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.

Ана шулардан келиб чиқиб, муҳокамалар якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур қарор лойиҳасини бир овоздан маъқуллашган.