Андижон 24

ХОНОБОД АДИРЛИКЛАРИДА НАВРЎЗ ТАДБИРИ


20.03.2021   3156

Хонобод шаҳридаги Хонтоғ адирликларида Наврўз айёми муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят фаоллари, бир гуруҳ жамоатчилик, аҳоли ва ёшлар вакиллари иштирок этдилар.

Қўшни Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда – мамлакатимиз шарқида жойлашган Хонобод шаҳри ўзининг мусаффо ҳавоси, мўътадил иқлими, турфа ва ноёб дов-дарахтлари билан наинки юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келади. Қолаверса, “Қуёш Хонободдан чиқади” деган ибора ҳам борки, кейинги йилларда андижонликларнинг янги куннинг бошланиши – Наврўзи олам тантаналарини айнан шу ҳудудда нишонлашга одатланганлиги ҳам рамзий маънога эга.

Ўрни келганда айтиш жоиз, ҳукумат томонидан шаҳарнинг беқиёс сайёҳлик салоҳияти эътиборга олиниб, уни экотуристик ҳудудга айлантириш, жумладан, инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан катта ишлар рўёбга чиқарилмоқда.

Жумладан, ўтган йили юртдошларимиз томонидан мўъжаз шаҳарча адирликларида мингта дала ҳовли қад ростлади. Мазкур ихчам уйлар дам олиш кунлари нафақат оилавий ҳордиқ чиқариш, балки барча шарт-шароитлар, қулайликлар яратилган меҳмон уйларига айлантириш мумкинлиги билан эътиборга молик.

Куни кеча эса “Андижон-Савай-Хонобод” темир йўл участкаси модернизация қилиниб фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21-22 май кунлари Андижонга ташрифи доирасида берган йўл-йўриқ ва кўрсатмалари асосида янги линияни ишга тушириш учун мавжуд 53,2 километр масофадаги темир йўл таъмирланди, 10,2 километр узунликдаги “пўлат из”лар ётқизилди. Наврўз байрамига халқимиз учун тўёнага айланган “Андижон-Хонобод” поезд қатновининг илк йўловчилари эл-юрт эъзозидаги нуронийлар, зиёлилар бўлишди. Албатта, бу янгилик одамларга қулайлик яратиш билан бирга, Хонободдаги ўзига хос атмосферани асраб-авайлаш, автомобиль йўлларидаги тирбандликларнинг олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Карантин тартиб-қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилган Наврўз тадбирларига келган меҳмонлар шаҳардаги ўзгаришлар билан танишиб, Хонободнинг гўзал манзарасидан баҳраманд бўлдилар. Миллий ўйинлар, Наврўз билан боғлиқ турли мусобақалар, концерт дастурлари рутубатли қиш ҳавосидан димиққан кўнгилларга мусаффо ҳаво, баҳорий кайфият олиб кирди.

«auz.uz» online гуруҳи.