Бугуннинг гапи

Ходиса: ЎҚУВЧИЛАРНИНГ АҲВОЛИ ЯХШИ


26.02.2019   29062

Андижон шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги “Иссиқлик манбаи” акциядорлик жамиятига қарашли иситиш қозонининг портлаши натижасида юз берган ҳолат оқибатида 18 нафар ўқувчи енгил ва ўрта даражада тан жароҳати олган. Аuz.uz online гуруҳи ҳолат ва воқеа қандай юз берганини ўрганишга ҳаракат қилди.

- Бўлимимиз марказий поликлиниканинг орқа томонида жойлашган. Кириш фақат бир томонлама. Хонамда ўтирганимда гумбурлаган овоз эшитилди. Ташқарига чиққанимда ойналар синган экан, тиббий кўрикдан ўтаётган болалар чўчиб кетганини кўрдим. Ҳамкасбларим билан уларга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Жароҳат олганларни, барча беморларни шошилинч тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалига юбордик, - дейди поликлиника фтизиатрия бўлими мудири Дилшодбек Ҳалилов.

- Дугоналарим билан ичкарида навбатда турган эдик, - дея воқеани сўзлаб берди ўқувчи Руқия Абдуҳалимова. - Шифокорлар шовқин қилмаслигимизни илтимос қилишганидан сўнг ташқарига чиқдик. Шунда қозонхонадан тутун чиқаётгангандек бўлди. Эътибор бермадик. Пиллапоядан тушганимиздан 2-3 дақиқа кейин бирданига портлаш юз берди. Қўрқиб кетдик. Бир-икки жойимиз шилинди. Ҳозир аҳволимиз яхши.

- Ташқарида тургандик, - дейди ўқувчи Нурилло Абдуманнопов. - Бирдан овоз эшитилиб, ҳаммаёқ тутунга тўлиб кетди. Орқамдан шиша синиқлари учиб келгандек бўлди. Қўлимга шикаст етди.

- Ҳодиса 26 февраль куни соат 10у 26да поликлиниканинг фтизиатрия бўлими жойлашган ҳудудда юз берган, - дейди Андижон шаҳри тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳир Зокиров. - Бу ерда белгиланган режа-жадвал асосида шаҳар халқ таълими бўлими тассаруфидаги 4-умумтаълим мактабининг 9-Г синф ўқувчилари флюорография текширувидан ўтаётган бўлган. 18 нафар ўқувчи турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Хизмат кўрсатаётган шифокорларнинг ҳолати ҳам яхши. Бундан ташқари поликлиникада бўлган яна 10 нафар мурожаат қилганларга қабулхонада амбулатор –психологик ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда тегишли ташкилотлар томонидан текширув, суриштирув ишлари давом этмоқда.

- Бугун соат 11:00 лар чамасида марказимизга марказий поликлиникада юз берган ҳодиса натижасида 18 нафар бемор олиб келинган, - дейди Республика шошилинчи тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали бош врачи Азизбек Мамадиев. - Беморларнинг уч нафари ўрта даражада тан жароҳати олган. Улар нейрореанимация бўлимига ётқизилган. Бири оёқ, иккинчиси елка қисмидаги жароҳати борлиги учун жарроҳлик амалиёти ўтқазилди. Қолган 14 нафарининг тан жароҳати енгил, аксарият болалар қўрқиб кетган. Биринчи тез тиббий ёрдами кўрсатилган. Ҳозирда нейротравматология бўлимига ётқизилган. Беморларнинг барчаси шифокорларнинг доимий назоратида, белгиланган тартибда муолажалар қилинмоқда.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ

«аuz.uz» online гуруҳи.