«102» хабарлари

Хизмат уйлари ва шахсий автомашиналар калитлари топширилди


07.10.2017   2445

Андижон шаҳридаги Бобур номли майдонда Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига барча шароитга эга хизмат уйи ва енгил автомашина топширилмоқда.

Андижон вилоятида 500 дан ортиқ профилактика инспектори фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз ҳудудларида осойишталик ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам профилактика тадбирлари олиб бориши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик яхши самара бераётир.

Маросимда профилактика инспекторлари тантанали қасамёд қабул қилди ва уларга замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калити топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Р.Халимов, “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Жалилов, Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдурахмонов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли профилактика инспекторлари самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилаётганини таъкидлади.

– Тантанали қасамёд ўз ишимизга ва хизмат бурчимизга бўлган масъуллик ҳиссини янада оширди, - дейди профилактика инспектори Илхомжон Хусанов. - Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлар ва қулай шароитларга туну кун халқ хизматида бўлиш билан жавоб бераман.

Тадбир профилактика инспекторларининг ота-оналари ва оила аъзолари учун ҳам катта шодиёнага айланди.

Профилактика инспектори Исроилжон Хўжамбердиев асли Жалақудуқ туманидан. Хизматни эса қўшни Хўжаобод туманида ўтайди.

– Бугун бизга Хўжаобод тумани, Мустаҳкам қишлоғи, Қурама маҳалласида қурилган намунавий уйлардан бирининг ва “Матиз” автомашинасининг калитлари топширилди, - дейди унинг турмуш ўртоғи Нигорахон. – Бу биз учун катта ва унутилмас воқеа. Айниқса икки нафар фарзандимизнинг қувончи бир олам бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев қатнашди.

Рустамжон Эшонов олган суратлар.