ЖАМИЯТ

Хиёнат: ОНАСИ, ОПАСИ, ХОЛАСИ... КРЕДИТНИ ҚАРИНДОШЛАРИ НОМИГА РАСМИЙЛАШТИРГАН ШЎЪБА МУДИРИ


11.08.2019   931

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди томонидан "Микрокредитбанк" Балиқчи филиалида банкнинг собиқ шўъба мудири А. Э.га нисбатан очилган жиноят иши юзасидан очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Собиқ банк ходими фуқароларга кредит маблағларини имтиёзли равишда ажратилаётганидан фойдаланиб, банк маблағларини ўзлаштирган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳар бир оила тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинганидан сўнг ўзига бириктирилган ҳудудда фуқаролар ўртасида қарор мазмун-моҳиятини тарғиб қилиб,турмуш шароитларини яхшилашга хисса қўшиши керак бўлса-да, ажратилган кредитларни нақдлаштирган ҳолда ўзлаштириш учун ўзига таниш бўлган таъминотчи корхона билан тил бириктиради.

Жиноий режасига кўра, онаси номига 23 миллион 700 минг, опаси номига 24 миллион 500 минг ва холаси номига 24 миллион 750 миллион сўм кредит маблағлари ажратишга эришиб, жами 72 миллион 950 минг сўмни гўёки тикув дастгоҳлари сотиб олиш учун ўтказади. Сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, пулларни 62 миллион 737 минг сўмга нақдлаштириб олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб, имтиёзли кредит маблағлағларини талон-торож қилади.

Очиқ сайёр суд мажлисида собиқ шўъба мудири А. Э. Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, мақсадсиз сарфланган имтиёзли кредит маблағлари қайтарилиши таъминланди.

Музаффар

СИДДИҚОВ,

туман суди раиси.