Андижон 24

ХИТОЙДА ТАРҚАЛГАН ЯНГИ КОРОНАВИРУСНИНГ ИЛК АЛОМАТЛАРИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ


27.01.2020   796

Хитойда тарқалган янги коронавируснинг илк аломатлари шамоллашдаги каби бўлади. Бу ҳақда Япониянинг NHK телеканали хабар бермоқда.

Бу асосан тана ҳароратининг кўтарилиши ва йўтал ҳисобланади. Шу билан бирга, ушбу касаллик дастлабки босқичда бошқача кўринишда ҳам намоён бўлиши мумкин.

Вирус ўчоғи ҳисобланган Ухань шаҳрида у қўзғайдиган пневмониядан касалланганлар кўплаб кузатилмоқда. Бироқ шифохоналарга мурожаат қилганларнинг кўпчилиги иситма ва йўталдан шикоят қилмаган.

Янги турдаги пневмониядан касалланганлардан бирида 3 кун давомида ичбуруғ кузатилган ва у шу муаммо билан шифохонага келган. Унда коронавирус борлиги компьютер томографияси ва қўшимча таҳлиллар натижалари олингандан кейингина аниқланган, дейилади “Дарё” хабарида.

Шифокорлар коронавируснинг бирламчи аломатлари орасида нафақат иситма ва йўтал, балки овқат ҳазм қилиш ва асаб тизимидаги турли бузилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирмоқда. Жумладан, гап ошқозон фаолияти бузилиши, кўнгил айниш, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик ҳақида бормоқда.