Хорижда

Хитойда 55 миллиард дарахт кўчати экилди


13.03.2018   1766

Хитойда “Arbor day” яъни “Дарахт ўтқазиш куни” ҳар йилнинг 12 март санасида кенг нишонланади. Хўш, нега айнан шу санада? Албатта, бу тасодиф эмас.

12 мартда хитойлик сиёсий ва жамоат арбоби Сунь Ятсен вафот этган. Айнан у Хитойда оммавий тарзда дарахт ўтқазиш ғоясини илгари суриб, шахсан ўзи намуна кўрсатган эди. Сиёсий арбобнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида бошланган бу ташаббус ҳамон давом этмоқда. Бу байрам 1981 йилда расмий мақом олди. Ўша йили Бешинчи Хитой Халқ Миллий конгресси «Дарахт ўтқазиш борасида умуммиллий кўнгилли кампаниясини ўтказиш» борасида Резолюция қабул қилди, -деб хабар беради ЎзА.
Мазкур ҳужжатга кўра, 11 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаро бир йилда 3–5 та дарахт экиш тавсия қилинади. Агар у ёки бу сабабларга кўра дарахт эка олмаганлар бошқа ишларни, жумладан, гулларни парваришлаш, дарахтларни буташлари керак бўлади. Мазкур ташаббус мамлакат аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланди. Маълумотларга кўра, ҳар йили дарахт экиш кампаниясида 600 миллионга яқин аҳоли иштирок этади. Шу кунга қадар кўнгиллилар томонидан 55 миллиарддан ортиқ кўчат экилган.

(Интернет сайтларидан олинган суратлар).

Ҳукумат 2020 йилга бориб мамлакатдаги ўрмонлар ҳудуди 40 миллион гектарга етиши учун ҳаракат қилмоқда. Яқин 10 йилда бунинг учун 26 миллиард туп дарахт ўтказиш режалаштирилмоқда.
Дарахт экиш куни нафақат Хитойда, балки йўқ бўлиб кетаётган ўрмонларни тиклаш, асраб қолиш, атрофни кўкаламзорлаштириш мақсадида бошқа мамлакатларда ҳам ўтказилади. Масалан, АҚШнинг Небраска шаҳрида 1872 йилдан бери дарахт экиш куни нишонланади.

Жазоирда ҳам дарахт экиш куни мавжуд бўлиб, бу мамлакатда ҳар йили 27 октябрда ўтказилади. Италия, Бельгия, Португалия ва Лесото давлатларида 21 мартда, Бразилияда эса 21 сентябрда “Дарахт экиш куни” (Dia da Árvore) ўтказилади. Германияда бу каби байрам (Tag des Baumes) 25 апрелга тўғри келади. Мисрда эса анъанага кўра 15 январда оммавий дарахт экиш тадбирлари бўлиб ўтади.
Камбожада 1 июнь, Кенияда 21 апрель, Коста-Рикада 15 июнь, Македонияда 12 март, Намибияда 8 октябрь, Нигерда 3 август, Польшада 10 октябрь, Марказий Африка Республикасида 22 июль, Филиппинда 25 июнь, Шри-Ланкада 15 октябрь, Танзанияда 1 январь, Угандада 24 март, Малавида декабрь ойининг иккинчи душанбаси, Мексикада июль ойининг иккинчи пайшанбасида дарахт экиш билан боғлиқ умумхалқ байрамлари ўтказилади. Шунингдек, Жанубий Кореяда 5 апрель куни, Японияда 4 майда “Кўкаламзорлаштириш куни” доирасида оммавий тарзда дарахтлар экилади.