Андижон 24

ХИТОЙ ПОЙАБЗАЛЛАРИ ЖАЛАҚУДУҚДАН ЧИҚМОҚДА


06.03.2019   2529

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан инвестиция сиёсати тубдан такомиллашиб бормоқда. Уни амалга ошириш борасида самарали механизмлар ҳаётга татбиқ этиляпти. Натижада импорт ўрнини босувчи эскпортбоп маҳсулотлар тайёрланишига эришиляпти.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори инвестиция жараёнларини тезлаштириш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

- Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2019-2020 йилларда Жалақудуқ туманида умумий қиймати 1 трлн 973 млрд. сўмлик саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 40 та лойиҳани ишга тушириш режаланган, - дейди туман ҳокимлиги инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассиси Бобомурод Юлдашев. – Натижада бир минг етти юзга яқин иш ўрни яратилади. Айрим лойиҳаларга 215 млн 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар жалб этилади.

Туманнинг Ойим шаҳарчасидаги фойдаланилмай турган собиқ сочиқ ишлаб чиқариш корхонасида хорижий инвестициялар ҳисобига фаолиятини бошлаган "JIA EN" масъулияти чекланган жамияти манзилли дастурга киритилган бўлиб, умумий қиймати 5 млн. АҚШ долларни ташкил этади.

Жамият раҳбари Лин Ен Фунинг маълум қилишича, лойиҳа икки босқичдан иборат, ўтган йилнинг охирида биринчи босқич 1 млн 50 минг АКШ доллари инвестиция киритиш ҳисобига ишга туширилган ва 30 нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Айни пайтда бу ерда юздан ортиқ турдаги пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда ва ички бозорга етказиб берилмоқда.

- Аслида лойиҳани 2018 йилда тўлиқ амалга ошириш белгиланган эди, - дейди Лин Ен Фун. – Бироқ кутилмаганда ишлаб чиқариш биноси масаласида муаммолар юзага келди ва натижада икки босқичга бўлдик.Иккинчи босқич учун бизга туман ҳокимлиги томонидан Ўроқчитепа маҳалласи ўрамидаги бўш турган 1.0 га ер майдони ажратилди. Ҳозирда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йилнинг учинчи чорагида ишга туширамиз. Шундай ишчилар сони 120 тадан ошса, корхона йилига бир ярим миллион дона пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ

«auz.uz» online гуруҳи.