Бугуннинг гапи

ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ


21.03.2020   6623

Коронавирус касаллиги тарқалишини олдини олиш мақсадида Андижонда ҳам таълим муассасалари фаолияти, оммавий тадбирлар ўтказилиши вақтинча тўхтатилди. Лекин ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилот, муассасалар, бозорлар савдо мажмуалари, дўконлар, жамоат транспорти бир маромда ишламоқда. “Бозорларда озиқ-овқат нархлари кескин ортиб кетди” каби миш-мишлар мутлақо асоссиз.


Фуқароларимизнинг таҳликага тушишига ҳожат йўқ. Чунки касалликка қарши курашиш, унинг кенг тарқалмаслиги ва олдини олиш учун бўйича юртимизда, хусусан, Андижон вилояти мутасадди идоралари томонидан барча зарур чоралар кўрилмоқда, тиббиёт муассасалари бир маромда ишламоқда.

Бу касалликни енгиб ўтиш учун энг аввало, шахсий гигена қоидаларига эътибор бериб, тегишли ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш ва бошқа зарурий эҳтиёт чораларини кўриш, касалликнинг олдини олиш бўйича тиббиёт ходимларининг тавсияларига қатъий амал қилиш орқали ўзимиз ҳамда яқинларимизни коронавирус инфекциясидан ҳимоялашимиз мумкинлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бугун вилоятдаги барча бозорлар, савдо дўконлари бир маромда ишламоқда, нарх-навонинг ошишига йўл қўйилмаяпти. Ҳокимликлар, солиқ ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари, депутатлар томонидан тадбиркор ва савдогарлар билан суҳбатлар ўтказилиб, нарх-навонинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, аҳолини ваҳимага солувчи миш-мишлар тарқалишининг олдини олиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Прокуратура, солиқ бошқармаси ходимлари бозорлар, савдо мажмуаларига бириктирилган. Ҳар соатда бозорлар ва савдо мажмуаларидаги ҳолат, нарх-наво бўйича ахборот олиниши йўлга қўйилиб, сунъий нарх оширилишига йўл қўймаслик қатъий назоратга олинган. Тадбиркор ва савдогарлардан ун, ёғ ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархини оширмаслик юзасидан якка тартибда тушунтириш ишлари олиб борилган.

Коронавирус инфекциясига чалинмаслик, унинг тарқалишини олдини олиш бўйича аҳолининг билим ва тушунчаларини бойитиш, шунингдек, асоссиз, ёлғон, инсонларни саросимага солувчи маълумотлар, турли миш-мишлар тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоятдаги 882 та маҳалланинг ҳар бирида маҳалла раиси, мутахассиси, отинойи ҳамда маҳалла фаолларидан иборат Ишчи гуруҳлари тузилди. Гуруҳ аъзолари томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.

Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан бозорлар, аҳоли зич яшайдиган ва чекка маҳалла гузарларида ярмаркалар ташкил этилиб, арзон нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, вилоят ҳудудига коронавирус касаллиги аниқланган, хавф даражаси юқори бўлган давлатлардан кириб келаётган фуқаролар тиббий назоратдан ўтказилиб, ўз уйларида тегишли тартибда назоратга олинмоқда. Инфекция тарқаган хорижий давлатлардан қайтган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига патронаж ҳамширалари, шифокорлар бириктирилган бўлиб, белгиланган тартибда уларга тушунтириш ва тавсиялар берилмоқда.

Кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар иштирокида коронавирус инфекцияси бўйича аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида давлат органлари мансабдор шахсларининг ахбороти юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Унда мутасадди ташкилотлар вакиллари коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича халқаро тиббий санитария талаблари асосида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида кенг маълумотлар берди. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш, самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Вилоятдаги “Дўстлик” ва “Маданият” чегара божхона постлари орқали чет эл фуқароларининг республикамиз ҳудудидан чиқиб кетишлари ва Ўзбекистон фуқароларининг юртимизга киришлари учун зарур шароитлар яратилган.

Бир сўз билан айтганда, Андижонда вирус келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур барча чоралар кўрилмоқда. Унутмайликки, ваҳима қилиш билан касаллик чекиниб қолмайди. Шу боис, бу борада қатъий режа асосида ишларни тизимли ташкил этиш ва тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бориш кутилган натижаларни беради.

Манзурахон ЮНУСОВА,

Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи