Андижон 24

ХАТ ЙЎЛГА ЧОРЛАДИ... МУАММОНИНГ ЕЧИМИ ҚАЕРДА? ТАДБИРКОРЛАР ТЕНГ РАҚОБАТ ЯРАТИЛМАГАНИГА ЭЪТИРОЗ БИЛДИРИШЯПТИ


14.09.2019   11871

Таҳририятимизга Асака тумани, Тўрттош маҳалласида фаолият юритаётган "Медикал фарм хаус", "Мурод фарм", "Яхши ният инсонлар", "Раҳмон мед фарм" хусусий корхоналари ва "Солиҳ мед савдо" масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари номидан ариза келиб тушди. Унда бешала корхонанинг ҳар бири учтадан иш ўрни яратиб, аҳолига арзон ва сифатли дори-дармон етказиб бераётгани, лекин туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-кўп тармоқли марказий поликлиникасига кираверишда ташкил этилган 232-ижтимоий дорихона улар манфаатларига зарар келтираётгани хусусида сўз боради.

Ўрганганимизда, ушбу дорихона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"гиқарори ижросини таъминлаш мақсадида "Андижон Дори-дармон" акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилганлиги маълум бўлди. Қуйида факт ва далилларни холис кўрсатиб бериш орқали масалани ойдинлаштиришга уриниб кўрамиз.

Акциядорлик жамияти ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари таъкидлаганидек, ушбу дорихона ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён фаолият кўрсатиб келади. У туман аҳолисига арзон дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини етказиб бериш билан бирга, муайян тоифадаги беморларни имтиёзли рецептлар асосида бепул дори-дармонлар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.Бу, албатта, яхши. Лекин ариза йўллаган тадбиркорлар бу жараён ноқонуний кечганини айтишмоқда.

Шу муносабат билан унинг нега айнан туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг ҳудудида жойлашган поликлиника фойесида жойлаштирилгани ўрганилди. Мутасадди ташкилотлар буни республика Соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йил 17 февралдаги 104-буйруғи билан изоҳлашиб, ноқонуний бўлмаганини таъкидлашди. Дарҳақиқат, Президентимизнинг юқоридаги қароридан уч кун кейин чиқарилган буйруқнинг 3-иловасида берилган услубий қўлланма 4-бандида шундай белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 334-сонли қарори билан тасдиқланган "Ижтимоий дорихоналар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом"нинг 9-бандида эса "Ижтимоий дорихоналар вилоят, туман марказларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларида жойлаштирилиши лозим", деб қўйилган. Унда "кўп тармоқли марказий поликлиникада ҳам жойлаштирилсин," деган жумлани учратмадик. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонунининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати" ҳақидаги 16-моддасининг1-бандида шундай дейилган: Турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон РеспубликасинингКонституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган санага мувофиқ белгиланади". Қолаверса, шу модданинг иккинчи бандига кўра, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт". Балки, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғидаги мезонлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мос келмаслиги, шу тамойилга амал қилинмаганлиги унинг илгарироқ тайёрланганлигидан бўлса керак.

Энди ўша дорихонанинг поликлиника асосий йўлагининг тенг ярмида, битта кириш эшигини тўсиб ташкил этилгани хусусида. Мазкур масалада тегишли мутасадди идораларнинг тақдимномаларини келтириш ўринлироқ бўларди. Ўрганиш мобайнида Асака тумани ёнғин хавфсизлиги бўлимининг 2019 йил4 апрелдаги 46/11-16-1842-сонли ва туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг шу йил 1 июндаги 46/11-16-4475-сонлитақдимномаларидан нусхалар олинди. Уларда ижтимоий дорихона ўрнашган жой 2-сонли КТМП кириш асосий йўли бўлиб, фавқулодда ҳолатда ёки ёнғин содир бўлганида, фуқароларни эвакуация қилиш йўлида жойлашганлиги сабабли уни бошқа жойга кўчириш талаб этилган. Туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти ушбу тақдимномалар асосида "Андижон Дори-дармон" акциядорлик жамияти раҳбариятига икки марта шу йил 11 апрель (01/266-сонли) ва 11 июнь (389-1-сонли) кунлари дорихонанинг бошқа жойга кўчирилишида амалий ёрдам сўраб, ёзма равишда мурожаат қилган. Аммо акционерлик жамиятида негадир бу хатлар уларга етиб келмаганлигини айтишди.

Масала ижобий ечимини топмагач, тадбиркорлар ҳам қўл қовуштириб ўтиришмади. Туман ҳокимлигига рақобат муҳитининг тенг эмаслиги ва содир этилган қонун бузилиши хусусида ариза билан мурожаат қилишди. У мутахассислар томонидан жойида ўрганилди ва туман прокуратурасига аризада кўтарилган масалани қонуний ҳал қилишда ҳамда мазкур ҳолатларга одилона баҳо берилишида амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров хати юборилди.

Ўрганиш якуни бўйича, деди биз билан суҳбатда туман прокурори ёрдамчиси Акмалхон Акбаров, тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар бўлимларининг тақдимномалари ижросини таъминлаш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан сўровнома хати чиқарилди.Ўйлаймизки, яқин кунларда муаммо ижобий ечимини топади.

Тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Шерзодбек Камолов билан мулоқотимиз ҳам шу ҳақда кечди.

Туман прокуратурасининг 2019 йил 28 августдаги 24/1618-19-сонли сўровномаси асосида, деди у, 232-сонли дорихона шохобчасининг бошқа жойга кўчирилиши ва поликлиника биносига кириш йўлаги бўшатилиши бўйича "Андижон Дори-дармон" акциядорлик жамиятига (2019 йил 10 сентябрь, 549-сонли) огоҳлантириш хатини юбордик. Энди уларнинг жавобини кутамиз.

Бирлашма қурилиш муҳандиси Холматжон Турғунов эса ушбу дорихона ноқонуний жойлашганлиги оқибатида ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан жарималарга тортилганини куюниб айтиб берди.

Президентнинг "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"гиқарорига асосан, 2019 йил 1 август ҳолатига Андижон вилоятида 199 та ижтимоий дорихона ташкил этилган эди. 232-дорихона ҳам шулар жумласига киради. У ўша пайтда бирлашма бинолари жойлашган ҳудуд рўпарасида, тўғрироғи, МустаҳкамМФЙ, Зиёлилар кўчасидаги 3-хонадонда фаолиятини бошлаган экан. Бу ерда "Андижон Дори-дармон" акциядорлик жамиятига қарашли ижтимоий дорихона жойлашганлиги тўғрисидаги пешлавҳалар ҳалигача турибди.

У ўша жойда ишлаб турганида, ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ эди, дейди мурожаат қилувчилардан бири Зокиржон Иброҳимов. Ноябрь ойига келиб, бирданига поликлиника биноси ичига кириб қолганини тушунмай қолдик. Эътироз ва шикоятлар шундан сўнг юзага келди.

Тўғрисини айтиш керак: эътирозлар ортида моддий манфаатлар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ариза билан мурожаат қилган тадбиркорларнинг дорихоналари айнан поликлиника яқинида, лекин шифохона ҳудудидан ташқарида жойлашган. Бўлимларда даволанаётган ва поликлиникагакелиб-кетаётган беморлар ўртадаги эшиклар орқали ўтишиб, керакли дори-дармонларни сотиб олишар экан. Уларнинг айтишича,шундан сўнг савдо тушумлари пасайиб кетибди.

Биз факт ва далилларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этдик, холос. Ушбу муаммонинг ечимини топиш эса мутасадди ташкилотлар зиммасида қолди.

Нажмиддин ЭРГАШЕВ,

"Андижоннома" мухбири.