Андижон 24

ХАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА


22.05.2019   2630

Халқимиз инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш сари дадил одимламоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ушбу ғоянинг мустаҳкамлаб қўйилгани бу жараённи рўёбга чиқаришнинг ишончли кафолатидир.

Бош Қомусимизнинг 35-моддасида белгиланганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Конституциямизнинг 44-моддасида эса, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ барча масалалар ушбу конституциявий меъёрлар ва бош­қа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун муҳим аҳамият касб этганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.

Айни чоғда, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, 2014 йил 14 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги қонунга асосан Фуқаролик процессуал кодексининг 310, 320, 346 ва 3481-моддалари янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, суд қарорларига нисбатан нафақат ишда иштирок этувчи шахслар, балки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар ҳам шикоят (ариза) билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Бунинг натижасида судларда кўрилаётган низо турлари, жумладан, иқтисодиёт, мулк ва мерос билан боғлиқ мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали тиклашга бўлган ишончи тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

2014 йил 4 декабрда амалга киритилган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги +онун манфаатдор шахсларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини такомиллаштиришга қаратилгани билан янада муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонун мазкур соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари учун жавобгарликни белгилаш билан бирга, фуқароларнинг, шунингдек, давлат органларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди ва уларнинг сўровини кўриб чиқиш тартибини такомиллаштирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-445-сонли «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, уларнинг ариза ва шикоятлар, давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар билан давлат органи ва муассасаларига, фуқаролар ўзини ўзи бош­қариш органларига мурожаат қилиш ҳуқуқларини янада мустаҳкамлади.

Ушбу қонун билан мурожаатларни қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш, ёзма ёки электрон шаклда жавоб юбормаслик маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Қонуннинг амалий ижроси хусусида тўхталадиган бўлсак, умум­юрисдикция судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинаётганини таъкидлаш лозим.

2019 йилнинг биринчи чораги мобайнида жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судига жисмоний ва юридик шахслардан 563 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 259 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонаси, 247 таси суд раиси, унинг ўринбосари ва судьяларнинг шахсий (сайёр) қабули, 57 таси – бевосита вилояти, туман (шаҳар) судларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган. Ушбу мурожаатларни мурожаатларда кўтарилган масалалар таҳлили қилинганида, 157 таси бошқа масалалар, 70 таси суд ҳужжатидан норозилик, 2 таси судья ва суд ходимларининг хатти-ҳаракатлари ҳамда 1 таси суд ҳужжатини вақтида ололмаётганлик юзасидан бўлиб, ушбу даврда келиб тушган мурожаатларни кўриш натижалари таҳлил қилинганида, улардан 123 таси қаноатлантирилгани, 106 таси юзасидан тушунтириш берилгани ва 1 таси рад қилингани аниқланди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингач, Олий суднинг бу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ушбу қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори талабларига мувофиқлаштирилди.

Жумладан, Олий суд Пленумининг "Фуқароларнинг суд ишларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти ҳақида"ги қарорига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал бўлмаган мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома ишлаб чиқилиб, амалга киритилди.

Қонун талабига мувофиқ, барча судларда мавжуд фуқароларни қабул қилиш хоналари қайта жихозланиб, қабул куни ва тартиби ҳақидаги зарур маълумотлар фуқароларга қулай бўлган жойларга жойлаштирилди. Барча судларнинг қабул кунлари ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг веб-сайтига жойлаштирилган.

Шу билан бирга, Олий суд раҳбариятининг жойларда фуқаролар қабулини ўтказиш тартиби йўлга қўйилди. Сайёр қабуллар барча вилоятларда фуқаролар олдиндан хабардор қилинган ҳолда ўтказиб келинмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, судлар фаолиятига жорий этилган "E-Sud" миллий электрон суд иш юритуви тизими жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиши учун янада қулай имконият яратди. "E-Sud" электрон тизими орқали судларга тўғридан-тўғри электрон тарзда ариза, даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларни юбориш мумкин. Мазкур тизим жорий этилганидан буён жисмоний ва юридик шахслардан кўплаб мурожаат электрон тарзда қабул қилиб олинмоқда.

Олий суд тизимида "Е-хат" ҳимояланган корпоратив электрон почтаси ишга туширилганидан ташқари интернет тармоғидаги веб-сайтимизда "Интернет қабулхона" ташкил этилган бўлиб, фуқароларнинг мурожаатлари мунтазам равишда электрон тарзда қабул қилинмоқда ва уларнинг хоҳишига қараб жавоблар шу тарзда ёки қоғоз шаклда бериб борилмоқда.

Яна бир муҳим масала давлат раҳбарининг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) орқали мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ва ўз вақтида кўриб чиқиш тартибининг жорий қилингани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Айтиш мумкинки, бу тизимнинг самарали фаолият юритиши келгусида жамиятимизда қонун устуворлигининг мустаҳкам қарор топиши йўлида муҳим амалий қадамдир.

А. ХОЛБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича Асака

туман судининг судьяси