Андижон 24

ХАЛҚИМИЗГА ХОС МЕҲР-ОҚИБАТ, МУРУВВАТ ВА САХОВАТПЕШАЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ


15.06.2019   1095

АНДИЖОН (auz.uz). Андижон тумани, Бўтақора қишлоғи, Оқ Роввот маҳалласида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони Ғозивой Юсупов ҳамда Дилфузахон Юсуповаларнинг қизи Дилрабо Исмоилованинг ҳайрия никоҳ тўйи ўтказилди.

Маҳаллий ҳокимлик, давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида ташкил этилган маросим халқимизга хос меҳр-оқибат, мурувват ва саховатпешалик фазилатлари намунаси бўлди.

Серфайз даврада иштирок этган нуроний отахон ва онахонлар ёшларни бахт тўйи билан табриклаб, оила аталмиш муқаддас қўрғонни асраб-авайлаш йўлида эзгу тилаклар билдирди.

Хайрия тўйида иштирок этган Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов ва бошқалар сўзга чиқишиб, ёшларга ўз тилакларини билдириб, совғаларини топширдилар.

- Фарзандим тўйини қандай ўтказишни ўйлаб қийланаётган эдик, - дейди Дилфузахон. – Аллоҳга шукур туман ҳокимлиги, маҳалла аҳлидан, қўни-қўшнилардан миннатдормиз. Бизга қўлдан келганча ёрдам беришди. Нафақат тўйни ўтказишни, балки чала битказилган уйимизни ҳам таъмирдан чиқаришга кўмаклашишди. Қизимни ўз фарзандидек кўришиб, барчасига елиб-югуришди. Сеп-сидирғаси масаласида нима қилишни билмаётгандим. Бунга қишлоғимиздаги тадбиркорлар лаббай дея жавоб беришди. Барчаси бекаму-кўст бўлди. Бундан жудаям хурсандман. Келажакда фарзандларим ва набираларимни эл-юрт хизматига камарбаста бўлиб етишлари учун бор куч ва имкониятимни сарф қилишга ҳаракат қиламан.

Шундай саҳоватпеша хамқишлоқлар ҳамкорлигида бўладиган бундай тўйлар кўпаяверсин!

Муқаддас РАҲМОНОВА