Андижон 24

ХАЛҚИМ ДЕБ, ЮРТИМ ДЕБ ЁНИБ ЯШАЁТГАН ДЕПУТАТ САХОВАТ БИЛАН ҲАМНАФАС


01.05.2020   665

Бугунги синовли кунлар барчани бирдек синаётгани ҳар қадамда кузатиляпти. Яхшиликнинг парвозини юксакларга кўтараётганлар сафи кундан кун кўпайиб бормоқда. Бугун кечагидан фарқли ўлароқ саховатпешалик, инсонийлик, диёнат, оқибат сингари хайрли тадбирлар энг юқори чўққига кўтарилаётир.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғизлар ҳолидан хабар олиш ишлари энди “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида намоён бўлмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонованинг бу галги саховати Шаҳрихон туманидаги 100 та оилани қамраб олди. Депутат дастлаб ўзи сайланган 12–Шаҳрихон сайлов округидаги “Сарой”, “Сегазақум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Шаҳрихон шаҳрида истиқомат қилувчи мазкур оилаларнинг яшаш шароитлари, эҳтиёжларини атрофлича ўрганиб, уларга зарурий ёрдамларни кўрсатди. Халқ ноиби томонидан оталиққа олинган 100 та оила кўмакдан мамнун.

-Очиғи, коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантинда анча қийналдик, - дейди НусратБобоқулов. – Бировдан бундай машаққатли паллада кўмак сўрашнинг ўзи ўлимдан қаттиқ. Аммо саховатпеша инсонларнинг борлиги, улар биздай фуқароларга ҳамиша ҳамнафас эканлигини бугун депутатимиз исботлади. Айни кунгача ҳам Одинахон Отахонованинг хайрия ишларидан баҳраманд бўлгандик. Бироқ бугун оиламизни чин кўнгилдан оталиққа олганидан бошимиз осмонга етди. Турмуш ўртоғим билан “Инъомжон файз” фермер хўжалигигаишга жойлашдик. Биз ҳам қўлимиздан келганча ёрдамларига ҳалол меҳнатимиз билан муносиб жавоб беришга ҳаракат қиламиз, - эзгу ишдан уўзлари ёшланиб сўзлаётган аёлнинг нигоҳларидан сидқидилдан миннатдорлик балқиб турарди.

Депутат давлатимиз раҳбарининг томорқачиликни ривожлантириш юзасидан берган топшириқлари ижросини таъминлаш ишларини ҳам баравар олиб бормоқда. Ҳудуддаги 20 дан ортиқ кам таъминланган оилаларга томорқаларида етиштириш ва даромад олишлари учун 30 000 тупдан ортиқ сабзавот, резавор ва гул кўчатларини хайрия қилди.

Одинахон Отахонова томонидан амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари замирида ўзига ишонч билдирган сайловчиларига муносиб жавоб мужассам. Мана шундай инсонлар бор экан, синовли кунлар заҳматидан халқимиз, албатта, мардона куч билан чиқади.

Зилола Раҳмонова.